Атлантика океанида 2010 йилдан бери биринчи марта бирданига учта довул пайдо бўлди, деб хабар қилмоқда The Daily Mail.

Кеча Мексика кўрфазидаги Мексика қирғоқларида пайдо бўлган «Катя» тропик пўртанаси довулга айланди. Шу билан бирга, Атлантика океанида юзага келган «Хосе» тропик пўртанаси ҳам довуллар қаторига киритилди. 

«Ирма» довули эса 6 сентябрь куни Кариб денгизидаги оролга ёпирилди.

Атлантикада 1893 ва 1998 йилларда бирданига тўртта довул ҳаракатда бўлган.

Саффир-Симпсоннинг беш баллик шкаласи бўйича бешинчи тоифа берилган «Ирма» довулининг зарбасини Антигуа ва Барбуда орол давлати ўзига қабул қилиб олди. Бу давлат бош вазири Гастон Брауннинг сўзларига кўра, мамлакатдаги қарийб барча бинолар табиий офат туфайли зиён кўрган. Антигуа ва Барбуда аҳолисининг тахминан 60 фоизи ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Шунингдек, бу табиий офатдан Кариб денгизидаги Сен-Мартен ҳамда Сен-Бартелеми француз ороллари ҳам жиддий зарар кўрди. Сўнгги маълумотларга кўра, у ерда саккиз киши ҳалок бўлди, яна 20 дан ортиқ инсон жабрланди. Сен-Мартен ҳукумати орол «95 фоизга вайрон бўлгани» ҳақида маълум қилди.

7 сентябрь куни эса довул Пуэрто-Рикога етди. Associated Press’нинг хабар беришича, 900 минг киши электр таъминотисиз қолган.

Иқлимшуносларнинг маълумотига кўра, «Ирма» дам олиш кунларигача Флорида қирғоқларига етади, Американинг бу штатида эвакуацияга тайёргарлик кўрилмоқда, иқлимшунослар эса бу довул куч бўйича Техасга августда ёпирилган «Ҳарви»дан ҳам қудратлироқ экани ҳақида огоҳлантиришмоқда.

Кутилишича, жума кунига келиб «Хосе» кучаяди, ҳамда унга кучлилик даражаси бўйича учинчи тоифа берилади. АҚШ довулларни кузатиш бўйича Миллий марказининг таъкидлашича, ҳозирча «Хосе» кишиларга таҳдид уйғотаётгани йўқ, сабаби у очиқ океанда, қирғоқлар ҳамда ороллардан узоқроқ масофада ҳаракатланмоқда. Бироқ, у тезлик билан кучаймоқда, ва унинг ҳаракати ўзгариши мумкин.