Фото: @SquawkaNews 

Жанубий Корея, Эрон, Япония ёки Австралия каби терма жамоалардан ютқазишга, мундиал йўлланмасини уларга бой беришга ўрганиб қолганмиз. Аммо бу сафар биз учун доим паст мақомдаги рақиб туюлган Суриядан ҳам ортда қолиб кетганимиз дардимизни янада кучайтириб юборди. Хўш, атиги бир йил олдин менсимаганимиз, аввалдан 6 очко олишни режалаштирганимиз Сурия қандай жамоа? Биз уларнинг даражасига тушиб қолдикми ёки улар кучайиб кетдими?

Маълумотларни ўқиб сиз ҳам шунга амин бўлишингиз мумкинки, улар бизни ютиш учун қандайдир катта бир ишни амалга оширишгани йўқ. Аксинча, биз ҳеч нарса қилмаганимиз учун шу даражага тушиб қолдик.  

СУРИЯ 2017 ЙИЛДА АТИГИ БИР МАРТА ЮТҚАЗДИ

Фото: @SquawkaNews 

Сурия терма жамоаси 2017 йилда атиги бир ўйинда мағлубиятга учради холос. У ҳам бўлса, Жанубий Корея терма жамоасидан. Ўзбекистон ва Қатар устидан ғалаба қозонди, Эрон ва Хитойга қарши ўйинлар 2:2 ҳисобида якунланди. Сурияликлар бу ўйинларда 8 марта рақиб дарвозасини ишғол қилишди. Мана шу 5 турда атиги 1 марта, у ҳам бўлса, жарима зарбасидан кейин тўп киритган Ўзбекистон билан солиштирганда, уларнинг учинчи ўрин учун ҳақлироқ бўлганини кўрамиз.

СУРИЯ ЎЗ МАЙДОНИДА ЎЙНАМАДИ

Фото: @SquawkaNews 

Ўзбекистон қўлга киритган 13 очкосидан 10тасини Тошкентдаги ўйинларда олди. Жанубий Корея эса, 15 очкодан 13тасини ўз майдонидаги ўйинларда қўлга киритди. Шу ўринда, “ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради” деган машҳур иборани қўллаш мумкин. Сурия терма жамоаси эса, ўз ўйинларини фақат сафарда ва нейтрал майдонда ўтказди. Шу ҳолатда ҳам 13 очко тўплаб, Ўзбекистон ва Жанубий Корея билан рақобат қила олишгани таҳсинга лойиқ.

СУРИЯ НАТИЖА УЧУН БАРЧАНИ БИРЛАШТИРДИ

Фото: @SquawkaNews 

Терма жамоа сафида яққол юлдузлар йўқ. Терма жамоанинг аксарият футболчилари хорижда тўп суради. Жумладан, олти нафари Малайзияда, жамоа тўпурари Умар Хрибин Саудия Арабистони чемпионатида, Маҳмуд Ал Мааз Қатар лигасида тўп суради. 

Ёки яна бир ҳужумчи - Умар Ас Сома, Саудиянинг “Ал Аҳли” жамоаси етакчиларидан бири, узоқ вақт Сурияга қайтишни истамай, фуқаролигини алмаштириш пайида юрди. Лекин у ҳам сўнгги икки ўйинда терма жамоага ёрдамга келди. Бизни 4-ўринга тушириб юборган ўша сўнгги дақиқадаги гол муаллифи ҳам шу футболчи.

Шунингдек, ўз вақтида Башар Асадга қарши экани билан номи чиққан ва Асад туфайли терма жамоадаги ўйинларини тўхтатган футболчилар бор. Масалан, Фирас Ал Ҳатиб – Сурия футболи тарихидаги энг яхши футболчилардан бири. 2012 йилда у мухолифатни қўллаб-қувватлайди ва Башар Асадга қарши чиқишлар қилади. Мамлакатни тарк этиб, терма жамоада ўйнашдан бош тортди.

Орадан 5 йил ўтиб, у яна Сурияга қайтди ва жамоа Жаҳон Чемпионатига чиқиши йўлида бор ёрдам беришни бошлади.

СУРИЯДА ФУТБОЛЧИЛАР ҲАМ ЎЛДИРИЛАДИ

Суриядаги футбол борасида ўз изланишларини олиб борган ESPN маълумотларига қараганда, у ерда футбол ўйини Башар Асаднинг тарғибот қуролига айланиб қолган. Собиқ суриялик футболчи Айман Кашит 2015 йилда ФИФАга “Сурия футболчиларига қарши ҳарбий жиноятлар” номи остида ҳисобот тайёрлаб берганди.

“ФИФА нинг қоидалари ва қарорларида зиддиятлар мавжуд” – деганди у  ESPN га берган интервьюсида, - “қоидаларга кўра, агар ҳукуматлар футбол бошқарувига аралашишса, федерациялар жазоланиши керак. Айни дамда, мамлакатда уруш бўлмоқда, стадионлар ҳарбий омборларга айлантирилган, 18 дан ёш бўлган болалар ва футболчилар ўлмоқда, баъзи футболчилар қамоққа олинган, лекин қани ФИФАнинг қарорлари? Бу – иккиюзламачилик”

Сурияни тарк этган спорт журналисти Анас Аммонинг маълумотига кўра, сўнгги йилларда камида 38 нафар профессионал футболчи ўлдирилган ёки яраланган, яна 13 футболчи бедарак йўқолган.

Фото: @SquawkaNews 

СУРИЯ ДАРВОЗАБОНИ ҚАМАЛИБ ЧИҚҚАН

Сурия терма жамоаси дарвозабони Мусъаб Балхуз 2011 йилнинг августида қамоққа олинганди. У бир нечта қочқин мухолифатчи яшириниб юришига ёрдам бергани учун ҳибсга олинган. Шунингдек, унинг уйидан шубҳали даражада катта миқдордаги пул чиққанди. Орадан бир неча ой ўтиб, Балхуз тергов жараёни билан ҳамкорлик қилишга рози бўлади ва озодликка чиқади.

Энди у келаси йили жаҳон чемпионатида иштирок этиши ҳам мумкин.

СУРИЯДАН ҚОЛИБ КЕТИШИМИЗ БИРИНЧИ МАРТА ЭМАС

Терма жамоамиз бундан 21 йил олдин, ўзи учун дебют бўлган Осиё кубогида Сурия билан бир гуруҳда тўп сурган эди. БАА да ўтган ушбу мусобақани Осиёнинг энг кучли жамоаси мақомида бошлаган юртдошларимиз Хитой устидан ғалаба қозонди. Кейин эса, Япония терма жамоасига 0:4 ҳисобида бой берилди.

Сўнгги турда биз Сурия билан ўйнадик ва бу ўйиндаги дуранг натижа бизни камида 3-ўрин билан чорак финалга олиб чиқарди. Лекин терма жамоамиз дурангни сақлаб қололмади. 1:2 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг, терма жамоамиз гуруҳда сўнгги ўринга тушиб кетди.

Бундан ташқари, биз аввалги мундиал саралашида ҳам Сурия билан рўпара келишимиз мумкин бўлганди. Сурия плей-оффда Тожикистонни енгиб, учинчи босқичдаги гуруҳимиздан жой олганди. Аммо кейинчалик маълум бўлишича, жамоа таркибида ўша ўйинларда майдонга тушган Георге Мурод аслида Швеция фуқароси бўлиб чиққан. Натижада сурияликлар дисквалификация қилиниб, гуруҳимиздан қўшниларимиз жой олганди.

Қ.Асланов тайёрлади