Британиялик муҳандис Райан Ясин кичик болалар учун кийим ихтиро қилди, у бола билан бирга ўсади. У шу тариқа болалар кийимига доимий равишда пул сарфлаш муаммосини ҳал қилмоқчи. Муҳандис ўз ихтироси ҳақида лойиҳа сайтида айтиб ўтди.

Олим энига ва бўйига чўзилувчи материал яратди, шу билан бирга, у худди резина каби ингичкалашмайди. Бундай эффект плиссировка сабаб юзага келди. Янги материалдан тайёрланган кийим намга чидамли бўлади. Моделни икки ёш тоифасидаги болалар учун чиқариш режалаштирилмоқда – 6 ойдан 36 ойгача ва икки-беш ёш оралиғида.

«Ўсувчи» кийим нафақат ота-оналар пулини тежаб қолади, балки атроф-муҳитни камроқ ифлослантиришга ҳам ёрдам беради. Фақатгина 2016 йил давомида чиқиндихоналарда 30 минг тонна кийим-кечак аниқланган. Ёш болаларнинг кийимини бир неча ойда алмаштиришга эҳтиёж қолмаслиги эса бу рақамни камайтириш имконини беради. Бундан ташқари, ихтирочининг сўзларига кўра, янги материал қайта ишланиши ҳам мумкин.

Фото: Petit Pli

Ясин материални яратгани учун James Dyson Award саноат дизайни соҳасида мукофотни қўлга киритди. Кийим мукофот эгасига тўланган пуллар ҳисобидан ишлаб чиқарилади.