Туркия президентининг турмуш ўртоғи Эмине Эрдўған ва унга ҳамроҳлик қилаётган делегация Бангладешга етиб келди. Бу ҳақида "Анадолу" агентлиги хабар берди. 

Сафарда Эмине Эрдўғанга ўғли Билол, Туркия оила ва ижтимоий сиёсат вазири Фатма Бетюл, Адолат ва тараққиёт партияси бош котиб ёрдамчиси Саян Кая ва Истанбул парламенти депутати Равза Кавакчи Кан ҳамроҳлик қилишмоқда.

Делегация таркибига, шунингдек, Туркия ҳамкорлик ва координация агентлиги (TİKA) раҳбари Сердар Чам, Туркия ҳукуматидаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уни бартараф қилиш бошқармаси (AFAD) бошлиғи Меҳмет Гуллуўғли, Туркия Қизил Ярим Ой жамғармаси раҳбари Иброҳим Алтан, TÜRGEV фонди раиси Орзу Оқалин ва "Аёллар ва демократия" ассоциацияси бош котиби Сара Ойдин ҳам киритилди. 

Манбага кўра, Эмине Эрдўған ва унга ҳамроҳлик қилувчи делегация "Куту палон" қочқинлар лагерига ташриф буюради, жойлардаги вазиятлар билан танишади ва роҳингя мусулмонларига инсонпарварлик ёрдами кўрсатади. 

25 август куни Мьянма шимолидаги Аракан провинцияси мусулмонларига ҳужумлар шиддатли тус олган. Минтақадаги гуманитар вазият кескин ёмонлашган. Аракан провинциясининг Бангладешга қочган аҳолисининг сони 120 мингдан ошди.

Европа роҳингя мусулмонлари кенгаши (ERC) матбуот котиби Анита Шугнинг маълум қилишича, Араканда уч кун ичида ҳарбийлар ва буддист-миллатчиларнинг шафқатсиз ҳужуми натижасида 3 мингга яқин мусулмон ҳалок бўлган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Мьянмадаги мусулмонларнинг оммавий қирғин қилиниши мавзусини БМТ Бош ассамблеяси даражасида кўтаришини маълум қилди.