Бир неча кун аввал сайтимиз орқали Фарғона вилоятининг Фурқат тумани марказида «РИО» клуби фаолият олиб бораётгани ва бу клуб лицензиясида тўй ҳамда байрам тадбирларини ўтказиши ва соат 22:00га қадар фаолият олиб бориши айтиб ўтилгани ҳақида мақола берган эдик. Мақоладан сўнг айрим мутасаддилар «уйғониб» сайтимиз мухбирлари билан боғландилар.

Маълум бўлишича, клуб тадбиркор Алишер Маҳмудовга тегишли. Бироқ, айни вақтда бу клубни тадбиркорнинг ўғли 1994 йилда туғилган Жамолхон Қорабоев бошқармоқда. «РИО» клуби фаолият олиб бориши учун «Жамолхон сервис плюс» оилавий корхонаси тасарруфида 2015 йилда рўйхатдан ўтган.

Лицензияга кўра, клуб соат 22:00га қадар фаолият олиб бориш айтилган. Бироқ, бу борада ёш тадбиркор Жамолхонга ҳеч ким етарлича маълумот бермаган. Яна ёш бошқарувчининг сўзларига кўра, клубда тонгги соат 2-3га қадар ўтиришни хоҳлаган мижозни кўчага ҳайдаб чиқариш одобсизлик... Клубни кузатиш чоғида бирон-бир ерда “Иш фаолиятимиз 18:00 дан 23:00 га қадар” деган ёзувни кўрмадик. Бундай ёзувлар бўлмаганидан кейин мижозлар ўтириб тонгга қадар байрам қилишлари табиий, албатта.

Ёш тадбиркор бундай камчиликларни 2 кун ичида бартараф этишга ваъда берди. Биз клубни 2 кундан сўнг кузатганимизда тадбиркор ваъдасидан чиқди. Аҳолининг сўзларига кўра, клуб тунги 23:00га қадар фаолият олиб бормоқда. Ҳар бир хонада “Иш вақти 18:00 дан 23:00 гача” деган ёзувни кўрдик. Бундан аҳоли хурсанд. Эндиликда тадбиркор барча қоидаларни билиб олди ва бу қоидалар бузилмайди, деган умиддамиз.

Шу ўринда, айрим мутасаддилар худди шундай муаммоли диско клублар фаолияти билан танишиб, клублар лицензиясига алоҳида аҳамият берсалар. Бу борада клублар яқинида истиқомат қилаётган аҳоли билан суҳбатлашсалар. Шундан сўнг фуқаролардан мана шундай шикоят мурожаатлар келиб тушмаган бўлар эди.

Маълумот ўрнида, Фарғона вилоятининг Фурқат туманида танқид остига олинган диско клублардан ташқари «НОМEР 1», «МАЛИБУ», «ТРОЯ», «ЗАРИНА» номли диско клублар фаолият олиб боради.

Аҳрор Зиё, Фарғона.