Қадрли муштарийлар! KUN.UZ ўтказаётган турли хайрия акцияларини қўллаб-қувватлаб ўнлаб инсонларга ёрдам бериб келмоқдасиз. Хайрли ишларингиз ўзларингизга йўлдош бўлишини тилаган ҳолда бугун сизларнинг эътиборингизга яна бир кўпчиликнинг ёрдамига муҳтож инсон ҳақида сўзлаб беришга жазм қилдик.

Фароғат Қўчқорова Самарқанд шаҳрида яшайди. 3 фарзанднинг онаси. Болаларининг иккитаси мактабга боради, бири боғча ёшида. Турмуш ўртоғи ва ўзи (ҳозирча ишсиз) давлат ишида, ҳалол маош топиб кун кечиришмоқда.

6 йил муқаддам у кенжа фарзандига ҳомиладорлигида тўсатдан йиқилиб тушади ва сон суягини шикастлаб олади. Бу бахтсиз ҳодиса оқибатида унинг сон суяги ёрилади, умуртқаси қийшаяди. Айни кунларда унинг сон суягининг тос суягига бириккан қисмида емирилиш — КОКСАРТРОЗ ташхисланган.

«Мана икки йилдирки, оғриқлар куну-тун мени таъқиб этади. 12 марта операция қилиндим. Айни кунларда фақат оғриқ қолдирувчи дорилар ичиб, қўлтиқтаёқда юришга мажбур бўлаяпман. Оғриқлар кучайгач, ишдан ҳам чиқишга мажбур бўлдим (у ўқитувчи бўлиб ишлар эди). Самарқандда ҳам, пойтахтда ҳам учрашмаган шифохонам, врачим қолмади», — деди Фароғат Қўчқорова биз билан суҳбатда.

Барча ташхислар қўйиб бўлинган — Фароғат коксартроз дардига мубтало бўлган. Энди фақат эндопротез ўрнатиш буйича қимматбаҳо операция Фароғатнинг тинимсиз оғриқлардан фориғ бўлишида ёрдам бериши мумкин. Унинг энг арзони 5 минг АҚШ долларига тенг баҳоланган. Операцияни юртимиз шифокорлари ҳам муваффақиятли амалга ошириб келишмоқда экан.

KUN.UZ ушбу беморга ёрдам қўлини чўзиш борасида хайрия акциясини эълон қилади.

Ҳурматли муштарийлар! Тўхтамас дарддан жони қийналаётган уч фарзанднинг онасига ёрдам қўли чўзмоқчи бўлганлар Фароғат Қўчқорованинг ўз номига очилган пластик карточкасига маблағ ўтказиб беришлари мумкин:

8600 0423 5858 0925

Телефон: +998 (93) 330-12-50