“Ирма” довули Кариб денгизидаги кичик Барбуда оролидаги деярли барча иншоотлар ва инфратузилмани вайрон қилди. Бу ҳақда 7 сентябрда ВВС маълум қилди.

Антигуа ва Барбуда орол давлати бош вазири Гастон Брауннинг айтишича, ҳозирда орол яшашга яроқсиз ҳолга келган.

“Бу буткул вайронгарчиликдир. Орол том маънода сув остига кетди. Фикримча, ҳозир Барбуда ҳаёт учун яроқсиз”, деб айтган Браун.

Кариб оролларидан йириклиги бўйича учинчи орол Сен-Мартеннинг жанубий қисмида аэропорт вайрон бўлган.

Довул оқибатида орол электр таъминотисиз қолган. Кариб оролларида табиий офатдан ҳаммаси бўлиб 7 киши ҳалок бўлган.