Испаниянинг Каталония мухтор ҳамжамиятида яна мустақиллик бўйича референдум ўтказиладиган бўлди. 6 сентябрда мухторият парламенти бу масала бўйича умумхалқ референдуми ўтказиш қонунини қабул қилди. Уни парламентнинг 135 аъзосидан 72 нафари қўллаб-қувватлади.

Каталония ҳукумати раиси Карлес Пучдемон мухториятнинг Испания таркибидан чиқиши бўйича референдум ўтказиш кўзда тутилган ушбу қонунни имзолади.

Референдумни 1 октябрда ўтказиш белгиланди. Бу ҳақда твиттерда каталон ҳукумати матбуот хизмати бошлиғи Жауме Клоте маълум қилди. Ушбу қонун каталон парламенти мухолифати, Испаниянинг етакчи партиялари ва мамлакат ҳукумати томондан ноқонуний деб ҳисобланмоқда.

Испания бош вазири Мариано Рахой мамлакат конституциявий судига ушбу қарор бўйича даъво аризаси бермоқчи. 

Қонунга кўра, агар Каталониянинг кўпчилик аҳолиси мустақиллик учун овоз берса, мухторият зудлик билан қироллик таркибидан чиқади. Агар мустақиллик тарафдорлари камчиликни ташкил қилса, мухториятда янги сайловлар бўлиб ўтади.

Аввал ҳам Каталонияда мустақиллик бўйича референдум ўтказилган. Бу референдум Мадрид томондан ноқонуний деб топилган.