АҚШнинг НАСА коинот агентлигининг охирги маълумотларига кўра, Қуёшда 6 сентябрь куни кузатилган кучли чақнаш тўғри Ерга йўналган кучли коронал плазмани юзага келтирган. Бу ҳақда Россия фанлар академиясининг физика институти бош илмий ходими Сергей Богачев маълум қилди.  

6 сентябрда Тошкент вақти билан тахминан соат 17.00да Қуёшда охирги 12 йил ичидаги энг кучли, Х9.3 синфидаги чақнаш юз берди. Олимлар дастлаб тахмин қилганидек, бу ҳодиса билан боғлиқ коронал отилиш Ерга йўналган бўлиши керак эди. Бироқ олимларда бу борада аниқ маълумотлар йўқ эди.

Богачевнинг айтишича, АҚШнинг SOHO сунъий йўлдошидан олинган охирги суратлар Қуёш моддасининг отилиши Ерга йўналган бўлганини кўрсатди. Астрономларнинг прогнозларига кўра, бу модда Ерга 8 сентябрь кечки вақт етиб келади ва бу вақтда қуёш плазмаси булути 100 млн километрга яқин ўлчамга эга бўлади.

Бунинг оқибатида Ер қизиган газдан иборат улкан булут билан тахминан 2 суткага қопланади. Бу эса сунъий йўлдошлар ва радиоалоқа тизимларига жиддий таъсир қилиши мумкин.

Олимларнинг таъкидлашларича, бу зарбанинг оқибатлари қандай бўлишини аниқ айтиш қийин, чунки бу булутнинг муҳим хусусияти – унинг магнит майдони қаерга йўналгани бўйича маълумот олинмаган. Агар у Ернинг магнит майдони томонга қараган бўлса, унда булутнинг Ер атрофидан ўтиши асоратлари минимал даражада бўлади.  

Акс ҳолда қуёш плазмаси Ер магнит қалқонини “ёриб ўтиб”, унинг зарралари атмосферанинг юқори қатламларига ўта бошлайди. Бундай ҳолда қутб ёғдуси нафақат Ернинг қутбга яқин ҳудудларида, балки унинг бутун ҳудуди бўйлаб кузатилади. Қўшимчасига, Ерда 17 йилдан бери кузатилмаган кучли магнит бўрони вужудга келади.