«Манчестер Сити» қишки трансферлар вақтида «Арсенал» ҳужумчиси Алексис Санчес учун 20 миллион фунт таклиф қилмоқчи.

Daily Mail хабарига кўра, футболчи ёзги трансферлар вақтида 70 миллион фунт эвазига «Манчестер Сити»га ўтиши мумкин бўлганди. Аммо «Арсенал» чилилик бу футболчисини қўйиб юборишни истамади, бунга «Монако»дан Тома Лемарни сотиб олиш бўйича музокаралар муваффақиятсиз якунлангани сабаб бўлди. Бу франциялик футболчи айнан Санчесга ўринбосар сифатида кўрилганди.

Санчеснинг амалдаги шартномаси 2018 йилгача тузилган. Агар томонлар келишувга эриша олмаса, футболчи мавсум якунида «Арсенал»ни эркин агент сифатида тарк этади.

Августдаги дедлайн арафасида лондонликлар клуби футболчилари Алексис кетишини талаб қилишаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. «Арсенал»нинг кўплаб футболчилари у клуб учун фойда келтирмай қўйди, деб ҳисоблай бошлади.

Қайд этиш керакки, Санчес «Манчестер Сити»нинг ҳозирги мураббийи Хосеп Гвардиола билан «Барселона»да бирга ишлаганди.