2017 йилнинг 6 сентябрь куни Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида O’zbegim миллий қадриятлар фестивалига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Фестиваль ташкилотчилари Тошкентнинг Сайилгоҳ кўчасида бўладиган энг йирик тадбир дастури билан таништириб ўтишди. 

Ўзбек миллий урф-одатлари ва анъаналари, амалий ва тасвирий санъати ҳамда миллий ошхонасининг ранг-барангликлари намойиш этиладиган мазкур маданий тадбир Milliy телеканали жамоаси томонидан ташкил этилмоқда.

Фестиваль мақсади — Ўзбекистоннинг маданий қадриятларини қўллаб-қувватлаш ва оммалаштириш, мамлакатнинг бой бадиий мероси билан ҳамюртларимиз ва хорижлик меҳмонларни таништириш, миллий маданият ва санъатнинг энг яхши намуналарини халқаро жамоатчиликка кўрсатиш, сайёҳлик салоҳиятини намоён этиш.

Фестиваль халқ сайли муҳитини ҳосил қилиб, ўзида халқ ҳунармандларининг ярмаркалари, халқ ўйинлари ва томошалари, бир қатор миллий русумлар, фольклор шоуларни мужассам этади, бир сўз билан айтганда, бой маданий меросимизнинг бор гўзаллигини намойиш этади.

Фото: "Кун"

Шунингдек, фестивал давомида қуйидаги тадбирларга гувоҳ бўласиз:

Очиқ осмон остидаги Шарқ арт-бозори ва маҳорат дарслари, бунда шаҳарнинг энг яхши ҳунармандлари ўз маҳоратларини кўрсатади, меҳмонлар эса ижодий жараённи бевосита кузатишлари ҳамда ўзларига ёққан ижод маҳсулини сотиб олишлари мумкин бўлади;

•   Гастрономик ярмарка — меҳмонларга Хоразм, Бухоро, Фарғона, Самарқанд ва Жиззах вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига хос миллий таомларнинг тайёрланишини кузатиб бориш, энг мазали таом ва ширинликлардан татиб кўриш, бир пиёла чой устида ҳордиқ чиқариш имкони берилади;
•   Дорбозлар шоуси ва халқ ўйинлари — дорбозлар, полвонлар, олов ўйнатувчиларнинг чиқишлари, шунингдек, қўчқор ва хўроз уриштиришлар, миллий ўйин ва томошалар ташкил этилади;
•   Гала-концерт — фестиваль халқ ижрочилари ва рақс ансамблларининг ёрқин чиқишлари билан ҳамоҳанг бўлади;
•   Fashion show —Ўзбекистоннинг етакчи дизайнерлари дунё подиумларини забт этган миллий матоларимизнинг кўркамлигини миллий либослар намойишида акс эттиради.

Фестиваль дастури билан қуйидаги жадвал орқали танишинг:

Фестивалнинг энг ёрқин ҳодисаси 8 тоннага тенг ўзбек миллий таоми — паловни тайёрлаш бўлади. Бу жараёнда Guinness World Records вакиллари бевосита иштирок этади. Экспертлар тайёрланган паловнинг миқдори бўйича жаҳон рекордини қайд этишади.  

Паловни тайёрлаш учун рекорд миқдордаги масаллиқлардан фойдаланилади. Хусусан, 1 500 кг мол гўшти, 400 кг қўй гўшти, 220 кг думба ва энг асосийси, 1 900 кг гуруч. Улкан қозонга 2 700 кг сабзи, 220 кг пиёз, 440 литр ўсимлик ёғи, 57 кг туз ҳам солинади. Буларнинг барчасига 100 кг нўхат, 190 кг узум, 5 кг зира, 2 кг янчилган қалампир, 1 кг зарчава ва 350 литр сув қўшилиб, таъми ростланади.
Палов тайёр бўлгач, “Меҳрибонлик” ва “Мурувват” уйларига тарқатилади.