Россия президенти Владимир Путин жанубий кореялик ҳамкасби Мун Чжэ Иннинг Корея ярим оролида уруш бўлмаслиги борасидаги ишончига қўшилмоқда.

"Мен Корея Республикасидан бўлган ҳамкасбим каби, кенг кўламли, айниқса оммавий қирғин воситаларидан фойдаланган ҳолда можаро юз беришигача иш бормаслигига ишончим комил. Қарама-қаршиликдаги барча томонларда бу минтақада яшовчи инсонлар олдидаги мажбуриятни ҳис этиш, соғлом ақл устунлик қилади, ҳамда биз бу муаммони дипломатик воситалар ёрдамида ҳал этишимиз мумкин бўлади", - деди Путин Шарқий иқтисодий форум ялпи йиғилишида чиқиш қилиб.

"Биргаликда ишлаш керак. Ҳамда биз ижобий натижаларга эришамиз ва эришишимиз керак", - деди у.

Путиннинг эслатишича, 2005 йилда Корея ярим оролидаги вазият бўйича музокаралар иштирокчилари бу муаммога ечим топишга жуда яқин келишганди. "2005 йилда биз деярли барча нарса бўйича бир қарорга келгандик. Келишувларга эришилди, уларга кўра Шимолий Корея ракета-ядро дастурини тўхтатиш бўйича мажбурият олди, жараённинг барча бошқа иштирокчилари эса бунга ёрдам бериш ҳақида ваъда беришди, Шимол ва Жануб ўртасида нормал яхши муносабатларни тиклаш кераклиги, Россия – Шимол – Жануб уч томонлама лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари ҳақида гапиришди", - дея таъкидлаб ўтди Россия етакчиси.

"Бироқ кейин, афсуски, кимдир, менинг фикримча, Шимолий Кореядан у ваъда қилмаган нарсани талаб қилди, ва бу вазият аста-секинлик билан бугунги даражага қадар етиб келди", - деди Путин.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, можарога дипломатик йўл билан ечим топиш учун Япония бош вазир Синдзо Абэ ҳам тарафдордир.

Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин эса Корея ярим оролида уруш бўлмаслигини маълум қилди. "Мен буни ишонч билан айтишим мумкин", - деди у.

Унинг таъкидлашича, минтақада Шимолий Корея муаммоси туфайли кескинлик кузатилмоқда, халқаро ҳамжамият эса санкцияларни қўллаб, Пхеньянга босим ўтказмоқда.