Россия АҚШнинг РФ дипломатик мулкига нисбатан хатти-ҳаракатларига жавоб қайтариш учун кўплаб вариантларга эга, дея ҳисоблайди Россиянинг Қўшма Штатлардаги собиқ элчиси Сергей Кисляк.

"Вазир Сергей Лавров вазиятни диққатлик билан кўриб чиқишимиз лозим эканини айтиб, жуда тўғри фикр билдирди. Ишончим комилки, биз ўз қадамларимизни аниқлаштирамиз ва қандайдир жавоб ҳаракатларини кўрамиз, боз устига бунинг учун вариантлар етарли", - дея маълум қилди Кисляк "Известия" газетасига берган интервьюсида.

Унинг таъкидлашича, “ҳар бир ҳаракатда, хусусан, Сан-Францискодаги бош консулликнинг ёпилишининг ўз ўлчови бор”.

"Эндиликда, Ғарбий соҳилда яшаб, ишлаётган юз минглаб руслар Россия давлати вакиллари билан қулай алоқада бўлиш имкониятига эга эмаслар... Бизнинг кишилар, бизнинг фуқаролар оғир вазиятга тушиб қолишса, одатда, элчихона ёрдамига таянишади. Америкаликларнинг ҳозирда қилаётган иши – бу нафақат бизнинг дипломатик институтларга, балки рус фуқароларнинг манфаатларига ҳам зарбадир", - дея қайд этди Кисляк.

Шу билан бирга, у АҚШ ва Россия ўртасидаги можаро “нормал ҳолат” экани ҳақидаги фикрга қўшилмади. Хусусан, жаҳонда икки давлат ҳамкорлик қилиши мумкин бўлган кўплаб муаммолар бор – бу терроризм, диний низолар, алоҳида минтақалардаги беқарорлик.

"АҚШ сиёсий кескин ҳолатда бўлгани шароитида, ҳамкорликка халақит бераётган шунчалик кўп формал қарорларни қабул қилдики, уларни яхши шароитларда ҳам бартараф этиш жуда мушкул. Бундай ҳолат, афсуски, анча узоқ сақланиб қолади", - деди дипломат.

Шунингдек, унинг фикрича, АҚШ абсолют етакчилик учун энди имкониятларга эга эмас, бироқ Америка сиёсий истеблишменти буни ҳозирча тушунгани йўқ ва аввалгидек ҳаракат қилишда давом этмоқда.

"АҚШнинг жаҳондаги сиёсатини аниқлаштирувчи чуқур омиллар бор. Улар орасида – америкаликларнинг улар алоҳида мақомга эга, бошқалардан устун турувчи мамлакат эканликлари ҳақидаги ишончлари ҳам мавжуд", - деди Кисляк.

Унинг қайд этишича, АҚШ президентлиги учун сайловларда америкалик демократлар ва республикачиларда бу борадаги фикр ўхшаш бўлган.

"Биз узоқ муддатли инерцияга эга давлат билан иш кўрмоқдамиз... Ҳозир рўй бераётган ҳолат – АҚШнинг ўзгараётган дунёга қийинчилик билан мослашаётгани натижаси, энди уларда абсолют етакчилик учун имкониятлар йўқ", - дея ҳисоблайди Кисляк.

Унинг баҳолашича, бу факт Европа ва Осиёдаги кўплар учун кўринмоқда, бироқ АҚШ сиёсий синфи буни тушунмаяпти.

"Улар бунга қўшилишни исташмаяпти. Шунинг учун ҳам Америка алоҳида мақомга эга давлат эканини кўкракларига уриб ҳайқиришмоқда. Бошқача айтганда, улар дунёдаги объектив ўзгаришларга қўшилмаяпти", - дея ҳисоблайди Кисляк.

Унинг таъкидлашича, Россия бу фонда ўз манфаатларини ҳимоя қилишга, жумладан куч билан ҳам, тайёр бўлган давлатга айланди.

"Айнан шу америкаликлар учун чақириқ бўлди, улар бунга кўника олишмаяпти. Бунга кўникиш учун уларга узоқ вақт керак бўлади. Бу давр мушкул ва узоқ бўлади. Бироқ, бу объектив реаллик. Жаҳон ўзгармоқда", - дея ҳисоблайди РФнинг АҚШдаги собиқ элчиси.