Ўнлаб йиллар давомида машҳур испан рассоми Сальвадор Далининг қизи эканлигини таъкидлаб келган испаниялик Мария Пилар Абель Мартинес аслида унинг қизи эмаслиги исботланди. Бундан Мартинес талаби билан амалга оширилган ДНК-синови натижалари дарак бермоқда.

Маълум қилинишича, суд қарори билан рассомнинг жасади 20 июлда эксгумация қилинганди. Кейинроқ ўтказилган ДНК-синови рассом аёлнинг отаси эмаслигини кўрсатди. 

Мартинеснинг таъкидлашича, унинг онаси ва рассом ўртасида 1955 йилда ишқий муносабатлар юзага келган. Ўша вақтда рассом Еленой Дьяконовага уйланган бўлган ва жуфтликнинг фарзандлари бўлмаган.

BBC’нинг таъкидлашича, Мартинес отаси Дали эканини онаси ва отасининг онасидан билган. У журналистлар билан суҳбатда бувисининг сўзларини келтириб ўтган: “Мен сени жуда яхши кўраман, бироқ сен ўғлимнинг қизи эмассан. Мен сенинг отанг кимлигини биламан, у Сальвадор Дали”.

Аёл суд орқали Дали жасадининг эксгумация қилинишига эришганди. 

Машҳур рассом 1989 йилда 84 ёшида Фигерасда вафот этган. У ҳаёти давомида 1,5 мингдан кўпроқ сурат, иллюстрациялар ва ҳайкаллар яратган ва рассомчиликнинг сюрреализм оқимининг энг таниқли вакилларидан ҳисобланади.