Украина президенти Пётр Порошенконинг маълум қилишича, мамлакат НАТОга кириш бўйича Ҳаракатлар режасини ҳозирдан бажармоқда. Шунингдек, у альянсга кириш бўйича умумхалқ референдумини ўтказиш ташаббуси билан чиқишини истисно этмади. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.

«Биз аъзолик бўйича Ҳаракатлар режаси формал тасдиқланмаган бўлса-да, бироқ, уни бир томонлама ҳолатда бажармоқдамиз», - деди Порошенко Олий рададаги чиқиши вақтида.

Унинг таъкидлашича, жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича ўтказилган сўровлар украиналиклар мамлакатнинг НАТОга киришига қарши эмаслигини кўрсатмоқда.

«Мен вақти келганида тегишли референдум ташаббуси билан чиқишимни истисно этмайман, бу Украина халқи хоҳишини кўрсатади. Барчага: ҳам бизнинг дўстларга, ҳам тажовузкор қўшнига, ҳам украиналик барча сиёсатчиларга... Бу исталган сиёсий вазиятда ҳеч биримизга бу курсни тафтиш қилиш ҳамда ортга қайтишимизга имкон бермайди», - дея маълум қилди Украина президенти.

Аввалроқ Порошенко Европа Иттифоқига йўлдаги тўсиқларни енгиб ўтишга ваъда берганди.