«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси 5 сентябрь куни Таиланд пойтахти Бангкокдан Тошкентга HY532 рейси амалга ошмай қолгани сабабларини тушунтирди. Авиакомпания матбуот хизмати «Бангкок–Тошкент» рейси техник сабабларга кўра ушланиб қолгани ҳақида изоҳ бериб, шу рейсда учиши керак бўлган йўловчилардан ҳамда уларнинг яқинларидан келтирилган ноқулайликлар учун расман узр сўради

5 сентябрь куни 216 йўловчиси билан  Тошкентга келиши керак бўлган самолёт ҳамон Таиланд пойтахтидан уча олмаяпти.

«Авиакомпания йўловчиларнинг хавфсизлиги учун жавобгар. Шу туфайли техник носозлик тўла бартараф қилинмагунча рейс амалга оширилмайди», — дейилган авиакомпания сайти хабарида.

Айни вақтда авиакомпаниянинг Бангкок шаҳридаги вакиллари вазиятни ҳал қилиш учун зарур тезкор чораларни кўраётгани айтилган. Тартибга кўра, барча йўловчиларга меҳмонхона, аэропорт ва меҳмонхона йўлида қатнаш учун транспортировка, шунингдек, яқинлари билан боғланиш учун халқаро алоқа имкониятлари тақдим этилган.

Авиакомпания 90дан ортиқ йўловчига 8 сентябрь куни Тошкентга Куала-Лумпур орқали учишни таклиф этган. Тошкент орқали Бишкек, Тель-Авив ва Россиядаги шаҳарларга учаётган 90 кишига ҳам муқобил йўналишлар таклиф этилган. Айни вақтда яна 30 кишини Ўзбекистонга олиб келиш чоралари устида иш олиб борилмоқда.

Кейинги ўзгаришлар ҳақида қўшимча маълумотлар берилиши маълум қилинган.

«Авиакомпания раҳбарияти номидан сизларга воқеа юзасидан узр айтишга рухсат беринг», — дейилган хабарномада.