Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳисоблашича, Қирғизистон билан иқтисодий ҳамкорлик катта истиқболларга эга. У 6 сентябрь куни Қирғизистон бош вазири Сапар Исаков билан учрашув вақтида гапирган.

Tazabek хабарида ёзилишича, Ўзбекистон президенти икки мамлакат тадбиркорларига ёрдам бериш зарурлигини қайд этиб, Қирғизистон ҳудудида автомобиллар йиғишни йўлга қўйишни таклиф этган.

«Мен такрорлашдан чарчамайман, агар биз бизнесменларни қўлласак, уларга халақит бермасак, улар ўзлари ривожланиш йўлларини топишади. Биз ўзаро маҳсулот айирбошлаш ҳажмини 500 млн долларга етказиш ҳақида гапиргандик, бу кўпми, камми ўзи? Менимча, бу ҳам кам. Ахир бизда улкан имкониятлар мавжуд. Нега энди биз Қирғизистонда машина йиғишни йўлга қўймаймиз? Бу янги иш ўринлари ва учинчи давлатда сотувлар деганидир. Нега тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўймас эканмиз? Сизларда бренд бор, сизлар орқали сотиш мумкин, қўшма корхоналар қуриш мумкин», – деган Ўзбекистон президенти.

Сапар Исаков ҳам ўз навбатида Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи давлатларимизнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигида янги босқични бошлаб берганини алоҳида таъкидлаган.