Ўзбекистон ва Россия ўртасида мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириб бориш учун ташкил этилган «яшил йўлак» 2017 йилнинг охирига қадар тўла қувват билан ишлай бошлайди. Бу ҳақда Россия қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Сергей Левин 6 сентябрь куни маълум қилди.

Тошкентда бўлиб ўтаётган II-халқаро мева-сабзавот ярмаркасининг очилиш маросимида иштирок этган Левиннинг таъкидлашича, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида улкан салоҳиятга эга ва Россия Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмининг оширилишига катта эътибор қаратмоқда.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистон 2016 йилда Россияга мева-сабзавот маҳсулоти етказиб беришни икки мартага оширди. Унинг фикрича, бу ҳажм жорий йилда ҳам ортади.

Шу йилнинг ўтган даврида, барча иқлим шароитларига қарамай, етказиб бериш ҳажми тўртдан бир қисмга кўпайди ва ўсишда давом этмоқда, деди у.

Унинг эслатишича, Ўзбекистон ва Россия бундай маҳсулотларнинг тезлаштирилган божхона расмийлаштируви бўйича «яшил йўлак»ни ташкил этиш тўғрисида келишув имзолаган. Қўшимча қилинишича, 2017 йилнинг июлидан «яшил божхона йўлаги» синов режимида йўлга қўйилди, бироқ йил охирига келиб тўла қувват билан ишлай бошлайди.