Сайтда Ўзбекистон Миллий университетининг Социология йўналишида «танланганлар» ўқишга киргани, бу йўналишда ўқишга кирган абитуриентлар тўплаган баллар билан ўқишга кира олмаган абитуриентлар тўплаган баллар ўртасида кескин тафовутини кўриш мумкинлиги ҳақида «Эстафета давом этади. Навбатдаги «тасодиф» Миллий университетда» мақоласи эълон қилинган эди.

Сўнгра Миллий университет ректори Авазжон Мараҳимов университетга «танланганлар» гуруҳи ўқишга киргани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирган, у бундай ҳолатлар учун асосан кўча индустриясини айблаган эди.

Ижтимоий тармоқларда Олий ва ўрта таълим вазири ўринбосари М.Иноятов томонидан 4 сентябрь куни имзоланган, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш давлат комиссияси раиси, Давлат тест маркази раҳбари, ЎзМУ ректорига йўллаган хатига кўра, ЎзМУнинг Социология йўналишига олдиндан «танланган» абитуриентлар ўқишга қабул қилингани тўғрисидаги далилларга асосан, Ўзбекистон Миллий университети Социология йўналиши имтиҳон натижалари бекор қилиниши ва 2017 йил 3 октябрь куни ушбу йўналишлар учун университет биносида давлат имтиҳонлари қайтадан ўтказилиши ҳақидаги хат фотосурати тарқалган.

Бироқ KUN.UZ’нинг олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига қўнғироқ қилиб аниқлашича, бу фотосуратда тасвирланган хат ҳақиқий эмас. Вазирликда хатлар бу тарзда рўйхатга олинмайди, қолаверса, вазир ўринбосари хат имзоланган кунда вилоятлардан бирида хизмат сафарида бўлган. Вазирлик ходими кириш имтиҳонларида шубҳали ҳолатлар аниқланган олий ўқув юртлари ва қабул қилинган талабаларга нисбатан бирор чора кўрилмаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент молия инстититутининг ҳам бир қатор йўналишларида худди шу каби қоидабузарлик асосида «танланган» абитуриентлар ўқишга қабул қилингани ҳақида KUN.UZ’да мақолалар ёритилган эди. Бошқа бир манбамизнинг берган хабарига кўра, сайтимизда тилга олиб ўтилган ва қолган олий ўқув юртларида ҳам бу борада текширувлар бўлиб ўтмоқда. Эътирозлар бирма-бир ўрганиб чиқилмоқда.