7-8 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бораётган олтита вазирлик ва давлат ташкилотлари раҳбарлари Бухоро вилояти, шаҳар ва туманларида аҳоли билан сайёр қабуллар ўтказади

Хабарда айтилишича, Бухоро вилоятига Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев, Олий суд раиси Козимжон Комилов, лавозимига энди киришган Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, Адлия вазири Русланбек Давлетов, божхона қўмитаси раиси Муиджон Тоҳирий, солиқ қўмитаси раиси Ботиржон Парпиев ташриф буюришади. Сайёр қабулларда бухороликлар ўзларини қизиқтирган саволлар бойича юқори лавозимдаги амалдорлар билан эрталаб соат 9:00дан то кеч соат 21:00гача суҳбатлашиши, муаммолар бўйича мурожаат қилишлари мумкин.

Хусусан, Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев 7 сентябрь​ куни Вобкент туманидаги «Порлоқ Келажак» лагерида Бухоро, Вобкент, Пешку, Ромитан, Шофиркон, Ғиждувон туманида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари билан учрашади. 8 сентябрда эса Бухоро давлат университети биносида Бухоро, Когон шаҳарлари, Когон, Олот, Жондор, Қоровулбозор, Қоракўл туманлари аҳолиси билан учрашувлар бўлиб ўтади.

Олий суд раиси Козимжон Комилов худди шундай режа асосида, яъни 7 сентябрь куни Вобкент маиший хизмат коллежида Бухоро, Вобкент, Пешку, Ромитан, Шофиркон, Ғиждувон туманлари аҳолисини қабул қилади. 8 сентябрь куни Олий суд раиси Тошкент ирригация ва мелиорация институти Бухоро филиалида Бухоро, Когон шаҳарлари, Когон, Олот, Жондор, Қоровулбозор, Қоракўл туманлари аҳолиси билан учрашади.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 7 сентябрь куни Вобкент иқтисодиёт коллежида Бухоро, Вобкент, Пешку, Ромитан, Шофиркон, Ғиждувон туманларида яшовчи фуқароларни қабул қилади. 8 сентябрь куни Бухоро муҳандислик-технология институтида Бухоро, Когон шаҳарлари, Когон, Олот, Жондор, Қоровулбозор ва Қоракўл туманлари аҳолиси ички ишлар вазирига мурожаат қилиши мумкин.

7 сентябрь куни Адлия вазири Русланбек Давлетов Ғиждувон агросаноат коллежида соат 9дан туш пайти, соат 14:00гача Шофиркон, Вобкент ва Ғиждувон туманлари аҳолиси билан учрашади. Шу куни вазир соат 16:00дан 21:00га қадар Бухоро туманидаги саноат касб-ҳунар коллежида Бухоро шаҳри, Бухоро, Ромитан ва Пешку туманлари аҳолиси билан учрашув бўлиб ўтади. Давлетов 8 сентябрь куни куннинг биринчи ярмида Когон шаҳридаги 2 болалар мусиқа ва санъат мактабида Когон ва Қоровулбозор аҳолиси билан, соат 16:00дан 21:00гача эса Қоракўл туманидаги 5-мактабда Қоракўл, Олот ва Жондор туманида аҳоли билан учрашув ўтказади.

Божхона қўмитаси раиси Муиджон Тоҳирий 7 сентябрь куни соат 9:00дан 15:00га қадар Бухоро нефть-газ коллежида Бухоро, Когон шаҳарлари, Бухоро, Когон, Ромитан ва Қоровулбозор туманлари аҳолиси билан учрашади. Шу куни 17:00дан 21:00гача эса Ғиждувон туманидаги 10-болалар мусиқа ва санъат мактабида Шофиркон, Вобкент, Пешку ва Ғиждувон тумани аҳолисини қабул қилади. 8 сентябрь куни божхона қўмитаси раиси Олот туманидаги 15-болалар мусиқа ва санъат мактабида Олот, Қоракўл ва Жондор туманлари фуқаролари билан учрашув ўтказади.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботиржон Парпиев 7 сентябрь куни Қоракўл туманидаги 5 мактабда 9:00дан 15:00гача Қоракўл, Олот ва Жондор туманларида яшовчи фуқароларни қабул қилади. Соат 17:00дан 21:00га қадар Парпиев Бухоро давлат университетида сайёр қабул ўтказади. 8 сентябрь куни солиқ қўмитаси раиси Вобкент иқтисодиёт коллежида соат 9:00дан 15:00гача Вобкент, Шофиркон ва Ғиждувон туманлари аҳолиси билан, соат 17:00дан 21:00гача Бухоро туманидаги 16-мактабда Бухоро, Ромитан ва Пешку туманларида яшовчи аҳоли билан учрашади.