WhatsApp ишлаб чиқувчилари мижозлар билан мулоқот қилиш учун мессенжердан фойдаланувчи йирик корхоналардан тўлов ундиришни режалаштиришмоқда. TechCrunch шу ҳақида маълум қилди. 

Таъкидлаш жоизки, бунда йирик компанияларга фойдаланувчилар билан алоқа қилиш учун янада қулай имкониятлар тақдим этилади. Масалан, мессенжерда авиарейслар вақти ёки маҳсулот етказилганига доир тасдиқ билан боғлиқ хабарларни йўллаш имкони пайдо бўлади.

WhatsApp кичик ва ўрта бизнес вакиллари учун бошқа махсус илова ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. У бепул бўлади, лекин унинг имкониятлари ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Компания блогида изоҳ берилишича, бундай янги функциялар киритилишига сабаб - бугунги кунда компаниялар ва мижозларнинг WhatsApp орқали мулоқоти "мукаммал эмаслиги"да. 

2009 йилда асос солинган WhatsApp мобил мессенжери интернет орқали матнли хабарларни йўллаш имконини беради. 2014 йилда Facebook компанияси 19 миллиард долларга WhatsApp мессенжерини сотиб олган.