Америкалик актёр ва режиссёр Жорж Клуни ҳамда унинг рафиқаси, ҳуқуқшунос Амал Клуни ИШИД террорчилик гуруҳининг ҳужумидан сўнг омон қолган қочқин-язидга ўз уйидан бошпана берди. Бу ҳақда The Hollywood Reporter хабар қилмоқда.

Журналнинг таъкидлашича, эр-хотинлар ўз ҳаракатларини кенг оммадан яширишган. Улар меҳмонни Кентукки штатининг Огаста шаҳридаги уйларида жойлаштиришди.

Клунининг сўзларига кўра, ироқлик Мўсулга автобусда кетаётганида, ИШИД жангарилари ҳайдовчиларни отиб ташлашган ва коллежда ўқишни истаган барча билан шу ишни амалга оширишлари ҳақида маълум қилишган.

«У омон қолди ва Америкага келди», - дея хабар берди артист. Унинг қайд этишича, қочқин барча текширувлардан ўтди ҳамда Чикаго Университети талабасига айланди.

Маълумот учун, Клуни анчадан бери хайрия иши билан шуғулланиб келади. 

Аввалроқ Жорж Клуни фонди ва ЮНИСЕФ суриялик қочқин болаларга 2,3 миллион доллар тақдим этиши хабар қилинганди.