Мамлакатда ҳар ҳафта пайшанба кунлари ўтказилаётган профилактика тадбирлари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда, деб ёзади ЎзА.

Сурхондарё вилоятида ҳам шу куни ички ишлар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари корхона-ташкилот, маҳалла ва таълим муассасаларида очиқ мулоқотлар ўтказиб, ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб бормоқда. Кенг жамоатчилик ҳамкорлигида уйма-уй юриб, одамлар билан профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда. Илгари очилмай қолган жиноятлар фош қилинмоқда, қидирувда бўлган шахслар ушланмоқда. Амалга оширилаётган бундай тадбирлар натижасида жиноятлар тури ва сони камайишига эришилмоқда. Буни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан вилоятда умумий жиноятлар сони 400 тага камайганида ҳам кўриш мумкин.

Бироқ, айрим ота-оналарнинг лоқайдлиги билан баъзи ёшлар жиноят кўчасига кириб қолаётгани ачинарлидир. Масалан, Шўрчи туманидаги “Жарқишлоқ” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида яшайдиган 14 ёшли бола куппа-кундузи “Nexia” русумли автомашинани ўғирлаб қочгани ва далилий ашё билан қўлга тушгач, отанинг фарзандини оқламоқчи бўлганига нима дейиш мумкин?

Шўрчи туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.Ф. кундузи соат 13:30 лар атрофида ўзига тегишли “Nexia” русумли давлат рақами 75 В 773 НА бўлган автомашинани Денов туманидаги Ш.Рашидов кўчасига қўйиб, пульт орқали қулфлайди. Ўт олдириш калитини жойида қолдириб, юмушларини бажаришга кетади. Соат 16 га яқин қайтиб қараса, машина йўқ. Бу ҳақда зудлик билан Денов тумани ИИБ навбатчилик қисмига хабар беради. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида автомашинани бошқарган шўрчилик мактаб ўқувчиси Ж.М. ўртоқлари билан «сайр» қилиб юргани аниқланади. Олиб қочилган машина ички ишлар органи ходимлари томонидан “Жарқишлоқ” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида тўхтатилгач, ота автоуловнинг олиб қочилишига ўғлининг алоқаси йўқлигини исботлашга уринади. Лекин, қилни қирқ ёрадиган ички ишлар ходимлари аксини исботлашди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, “Нехиа” қонуний эгасига қайтарилди.