Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 8 сентябрь куни 3 кунлик расмий ташриф билан Қозоғистонга келади. 9-10 сентябрь кунлари Остонада Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити бўлиб ўтиши режалаштирилган. Sabah нашрининг ёзишича, Туркия етакчиси ушбу сафари давомида саммит ишида ҳам қатнашади ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашув ҳам ўтказади. 

Давлат раҳбарлари 2 сентябрь куни телефон орқали мулоқот қилиб, икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги аҳволи ва истиқболларини муҳокама қилган ҳамда турк-қозоқ муносабатларини янада чуқурлаштириш бўйича амалий мулоқотни давом эттиришга келишиб олган эди. 

Хабарларга кўра, Эрдўған Назарбоев билан "Фатхуллоҳчилар террорчилик ташкилоти"га қарши кураш масаласини муҳокама қилади. Эрдўған ўтган йили август ойида ФЕТО билан алоқадор ва Қозоғистонда фаолият юритаётган 33 та мактаб рўйхатини берган эди. 

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари музокараларида Мьянмадаги инқироз асосий мавзулардан бири бўлиши айтилмоқда. Бундан ташқари, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни яхшилаш йўллариниҳам кўриб чиқишади. 

Туркия ТИВ маълумотларига кўра, республика Қозоғистон иқтисодиётига сармоя киритаётган мамлакатлар орасида 17-ўринда. Бироқ, 2015 йилдан буён ўзаро маҳсулот айирбошлаш 2 млрд доллардан ошмаяпти. 2012 йили Анқара ва Остона "Янги синегрия" дастурини қабул қилган, унда йиллик маҳсулот айланмасини 10 млрд долларга етказиш назарда тутилган эди. 

Эрдўған ва Назарбоев, шунингдек, 14-15 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган Сурия бўйича музокаралар олдидан Сурия муаммосини ҳам муҳокама қилишлари мумкин.