Франциянинг CCR давлат суғурта компанияси “Ирма” довули Кариб ҳавзасидаги француз ҳудудларига етказган зарарни баҳолади. Бунга кўра, Сен-Бартелеми ороли ва Сен-Мартен оролининг француз қисмидаги талофатлар 200 млн доллардан кўпроққа баҳоланган.

Франциянинг денгиз орти ҳудудлари вазири Анник Жирарденнинг айтишича, ҳозирда ҳукуматнинг устувор вазифаси тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда аҳолини сув ва озиқ-овқат билан таъминлашдан иборат. Жирарденнинг таъкидлашича, иккинчи навбатдаги вазифа жамоат тартибини сақлашдир. Вазир жабрланган ҳудудлар устидан учиб ўтаётганда кўзи тушган мародёрлик ҳолатларини қоралади. Аввалроқ гувоҳлар довулдан кейин ўғриликлар содир этилаётганини маълум қилишганди.

Шу муносабат билан Франция ўз ҳудудларига 400 полициячи жўнатади. 

Охирги маълумотларга кўра, “Ирма”дан ҳалок бўлганлар сони 14 кишини ташкил қилмоқда.