Индонезия ҳукумати яқин вақт ичида Мьянмадаги мусулмон озчиликни ташкил қилувчи роҳингя вакиллари бўлган қочқинларга гуманитар ёрдам юбориш ниятида. Улар ўз уйларини тарк этишга мажбур қилинган, деб хабар бермоқда Jakarta Globe.

«Республика президенти Жоко Видодонинг топшириғини бажарган ҳолда, яқин вақт ичида ёрдам етказилади. Қочқинлар чодирлар, озиқ-овқат, ичимлик суви танқислигидан азият чекишмоқда», - дея маълум қилди Индонезия ташқи ишлар вазири Ретно Марсуди.

Унинг сўзларига кўра, Мьянмадан 120 минг киши қочиб чиқиб кетган Бангладешдаги Индонезия элчиси керакли ёрдам ҳажми ҳақида махсус ҳисобот тақдим этади.

Аввалроқ Туркия ҳам роҳингя мусулмонларига инсонпарварлик ёрдами юбориши хабар қилинганди.