Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасининг қўшма қарори (2017 йил 25 август) билан Маблағларни инвестицияга йўналтирувчи юридик шахслар томонидан имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Ҳужжат 28.08.2017 йилда кучга кирди.

Низомда, биринчидан, инвестиция учун солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш билан боғлиқ барча тушунчалар жамланган:

•  инвестициялар;
•  янги технологик асбоб-ускуналар;
•  модернизация қилиш;
•  техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш;
•  ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бинолар ва иншоотларни реконструкция қилиш;
•  ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтириш.

Иккинчидан, Низом билан ушбу имтиёзни фойда солиғига нисбатан қўллашнинг хусусиятлари белгиланди. У юридик шахсларнинг солиқ солинадиган фойдасини амортизацияни чегириб ташлаган ҳолда, бироқ солиқ солинадиган фойданинг 30%идан кўп бўлмаган миқдорда камайтиради (СК 159-моддасининг 3-банди, шунингдек Президентнинг 20.09.2013 йилдаги ПҚ-2042-сон қарорининг 6-банди).

Мазкур имтиёзни қўллашда қуйидаги қоидаларни инобатга олиш зарур:

•  у товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқаришни амалга оширувчи солиқ тўловчилар томонидан қўлланилади;
•  солиқ солинадиган базани ҳисоблашда жиҳозларни сотиб олиш учун фойдаланилган маблағлар фақат бир марта чегириб ташланади;
•  солиқ солинадиган фойдани камайтириш харажатлар амалга оширилган солиқ давридан эътиборан, янги технологик жиҳоз бўйича эса у фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан 5 йил ичида амалга оширилади;
•  агар жорий солиқ даврида маблағлар суммаси солиқ солинадиган фойданинг 30%идан ошса, қолган сумма келгуси солиқ даврларида чегирилиши мумкин;
•  агар ҳисобот даврида ҳисобланган амортизация суммаси инвестицияга йўналтирилган маблағлар суммасидан ошса, ушбу ҳисобот даврида солиқ солинадиган фойдани камайтириш амалга оширилмайди.

Учинчидан, Низом ягона солиқ тўлови бўйича имтиёзни қўллаш қоидасини ўрнатади. Бу имтиёз инвестициялар суммасига, бироқ солиқ солинадиган базанинг кўпи билан 25%ига камайтирилади (СК 356-моддаси, шунингдек Президентнинг 20.09.2013 йилдаги ПҚ-2042-сон қарорининг 6-банди).

Низомга мувофиқ:

•  имтиёз маблағлар манбаидан (ўз маблағлари ёки қарзга олинган маблағлар, шу жумладан лизинг) қатъи назар, берилади;
•  солиқ солинадиган база кўрсатилган харажатлар амалга оширилган солиқ давридан эътиборан, янги технологик асбоб-ускуна бўйича эса у фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан 5 йил ичида камаяди;
•  агар инвестицияга йўналтириладиган маблағлар суммаси солиқ солинадиган базанинг 25%идан ошиб кетса, у ҳолда ортган сумма келгуси солиқ даврларида чегирилиши мумкин.

Тўртинчидан, олиб келинадиган технологик жиҳоз бўйича ҚҚС ва божхона божлари бўйича имтиёзларни қўллаш шартлари аниқлаштирилмоқда (СК 211-моддаси 7-банди ва Божхона кодекси 297-моддаси иккинчи қисми 13-банди).
 
Технологик жиҳозни ҚҚС ва божхона божларидан озод қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатига мувофиқ тақдим этилади (2013 йил 20 март).
 
Имтиёзлар бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларга, улар контрактга (шартномага) мувофиқ технологик жиҳозлар билан бирга ажралмас қисми сифатида етказиб берилган тақдирда, татбиқ қилинади.

Технологик жиҳозлар:

•  харид (импорт) қилинган пайтдан бошлаб 3 йил ичида сотиб юборилган ёки текинга берилган бўлса, солиқ имтиёзлари бекор қилинади;
•  олиб кирилган пайтдан эътиборан 3 йил ичида экспортга реализация қилинган ёки бепул берилган тақдирда божхона имтиёзлари бекор қилинади.