“Ирма” довули ёпирилиши мумкин бўлган Кубанинг шарқий ҳудудларидан 700 минг киши эвакуция қилинди. Бу ҳақда Куба матбуоти маълум қилди.

Маълумотларга кўра, одамлар яқинлариникида, 45 та эвакуация маркази ва 39 та панагоҳда жойлаштирилмоқдалар. 

Айни вақтда Куба шарқидаги баъзи туманларда кучли ёмғирлар кузатилмоқда. Бунинг оқибатида соҳилбўйи ҳудудлари сув остида қолмоқда. Ёмғирлар кучли шамол билан кечмоқда.

7 сентябрда Куба инқилобий кучларининг шарқий округи қўмондонлиги “Ирма” ўтиши мумкин бўлган ҳудудлардан 51 минг хорижий сайёҳ эвакуация қилинганини маълум қилганди. 

Бундан аввал довулнинг яқинлашаётганини билдирувчи тропик бўрон Куба шарқидаги Гуантанамо, Ольгин ва Лас-Тунасга ёпирилгани маълум қилинганди.

Куба фуқаролик мудофааси бош штаби мамлакатнинг шарқий вилоятлари – Гуантанамо, Сантьяго-де-Куба, Гранма, Лас-Тунас, Камагуэй, Сьего-де-Авила ва Вилья-Кларада тревога режимини киритган.