2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида парвоз қилган 22 мингдан ортиқ йўловчиларни сўровдан ўтказган Tutu.ru хизмати бортида энг мазали ва хушхўр таомлар берилувчи МДҲ давлатлари авиакомпаниялари рейтингини тузиб чиқди, деб ёзади Forbes-Қозоғистон.

 

Йўловчилар энг мазали таомлар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси бортида берилади, деб ҳисоблашар экан

Фото: onemileatatime.img.boardingarea.com

Ўзбекистон Республикасининг давлат авиакомпаниясига 1992 йилда асос солинган. Миллий авиакомпания бугунги кунда жаҳонинг 40дан ортиқ шаҳарлари — Европа ва Осиё давлатлари, шунингдек Америкага доимий парвоз қилади. Авиакомпаниянинг ваколатхоналари жаҳоннинг 25 давлатида мавжуд. Республиканинг авиакомпания таркибига кирувчи 11 аэропорти халқаро мақомга эга.

Иккинчи ўринда — «Эйр Астана»

Фото: aquatek-filips.livejournal.com

Йўловчилар бортдаги таомларни уйда тайёрланадиган овқатга ўхшатишган, менюда гўшт жуда кўплигини қайд этишган. «Эйр Астана» 2002 йилнинг 15 майидан доимий парвозлар уюштириб келмоқда, бугунги кунда Остона ва Олма-отадаги ҳаблардан 60дан ортиқ халқаро ва ички рейслар амалга оширилади. Авиакомпаниянинг ҳаво флоти 31 самолётдан иборат. «Эйр Астана» 2012 йилда МДҲ ва Шарқий Европа давлатлари ичида илк бор Skytrax халқаро агентлигининг 4 юлдуз нуфузли рейтинги ҳамда Марказий Осиё ва Ҳиндистоннинг энг яхши авиакомпанияси унвонига эга бўлган. Ҳар икки нуфузли унвон кейинги йилларда ҳам қайтадан эгалланган.

Россиянинг «Алроса» авиакомпанияси учинчи ўринни олган

Фото: aviado.ru

Бу кичик авиакомпания «Алроса» — жаҳонда етакчи олмослар ишлаб чиқарувчи компанияга тегишли. Фойдаланувчилар доимо 3 хил таом таклиф этилиши ва улар мазали эканини қайд этишган.

Тўртинчи ўринда — «Эйр Молдова»

Фото: belleo.livejournal.com

«Эйр Молдова» - Молдованинг фуқаролик авиацияси миллий ташувчиси. 1993 йилда ташкил этилган. Кишинёв халқаро аэропортида жойлашган.

Бир ўрин пастда Беларуснинг миллий авиаташувчиси — «Белавиа» жойлашган

Фото: air-raser.livejournal

Уни кўпинча қисқа рейсларда ҳам таом бергани учун алқашади. Штаб квартираси Минскда жойлашган авиакомпания 1996 йилда ташкил этилган. 17та давлатда ваколатхоналарга эга. 27 давлатга 49та йўналиш бўйича рейслари мавжуд.

Россия, МДҲ ва Шарқий Европанинг энг йирик авиакомпанияси — «Аэрофлот» олтинчи ўринга муносиб топилди

Фото: samolety.org

«Аэрофлот»нинг ички рейсларидаги таомлар йўловчилар томонидан «бўлади» деб баҳоланган, яъни мақталмаган ҳам, ерга ҳам урилмаган. Халқаро рейслардаги таомлар эса анча мақталган. «Аэрофлот» йўловчилари парвоз давомида авиакомпания музқаймоқ, мандарин каби ёқимли нарсалар тарқатишини айниқса мақташган.

Еттинчи ўринда Россиянинг «S7 Airlines» авиаташувчиси жойлашган

Фото: ru-airlinemeals.livejournal.com

Авиакомпаниянинг жуда кўп содиқ мухлислари бор ва улар барча рейсларда хушхўр таомлар берилишини қайд этишган. «S7 Airlines» ички ва халқаро йўналишларда йўловчилар ташиш билан шуғулланади. Новосибрскнинг «Толмачёво» ва Москванинг «Домодедово» аэропортлари унинг ҳаби ҳисобланади. Шунингдек, Иркутск, Хабаровск ва Владивостокда қўшимча ҳаблари бор. «S7 Airlines» 2016 йилда 9,6 миллион йўловчи ташиб, бу борада «Аэрофлот»дан кейин иккинчи ўринни эгаллаган.

Саккизинчи ўринда — Молдованинг «Fly One» авиакомпанияси

Фото: Fly One

Компанияга 2016 йилда асос солинган. 2016 йилнинг апрелидан бошлаб «Fly One» Кишинеёвдан: Анталия, Ираклион, Родосга чартер рейслари амалга оширади. Июнь ойидан бошлаб 9 йўналиш — Верона, Парма, Лиссабон, Барселона, Москва, Санкт-Петербург, Воронеж, Лондон ва Дублинга доимий рейслар амалга ошириб келмоқда.

Тўққизинчи ўринда «Аэрофлот»нинг шўъбаси — «Аврора» авиакомпанияси

Фото: antonio-mag.livejournal.com

«Аврора» асосан Узоқ Шарққа учади. Компания Южно-Сахалинск, Владивосток ва Хабаровскда ўрнашган. 2013 йилнинг 6 ноябрида «Сахалинские авиатрассы» ва «Владивосток Авиа»нинг бирлашишидан ҳосил бўлган. Улар Узоқ Шарқ ва Сибирга маҳаллий, шунингдек, Хитой, Корея ва Японийга халқаро рейсларни амалга оширади.

Ўнинчи ўринда Россиянинг яна бир авиакомпанияси — «Red Wings».

Фото: belleo.livejournal.com

Авиакомпания 1999 йилда ташкил топган. Айни пайтда компания ихтиёрида саккизта самолёт бор ва уларнинг барчаси Россияда ишлаб чиқарилган Ту-204-100 русумидаги самолётлардир. Red Wings йил бўйи энг машҳур сайёҳлик йўналишлари бўйлаб доимий ва чартер рейсларни амалга ошириб келмоқда.