Мексикадаги меҳмонхоналардан бири ўтган юз йил ичидаги энг кучли зилзила оқибатида иккига ажраб кетди.

Воқеа Оахака штатидаги Матиас-Ромеро шаҳрида содир бўлган. Мексика президенти Энрике Пенья Ньето бу воқеа оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаганини маълум қилган.

Фото: TWITTER.COM/GUGUIGUS

Оахака ҳукумати маълумотларига кўра, меҳмонхонадаги одамлар у бузилишидан олдин ташқарига қочиб чиқишга муваффақ бўлишган. Воқеа жойига вайроналар остида одамлар қолиб кетмаганини текшириш учун қутқарувчилар келишган.

“Интерфакс” ахборот агентлигининг маълум қилишича, зилзила кучи 8,4 баллни ташкил қилган. Мексика сейсмологлари маълумотларига кўра, зилзила Тинч океанида, Чьяпас штати яқинида юз берган. 

Фото: TWITTER.COM/GUGUIGUS

Тинч океанида цунамидан огоҳлантириш маркази цунами юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

EFE ахборот агентлигининг маълум қилишича, ушбу огоҳлантириш Мексика, Гватемала, Сальвадор, Коста-Рика, Никарагуа, Панама, Гондурас ва Эквадорга тааллуқли.