Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов терма жамоадаги фаолиятини якунлашга тайёр эканини билдирди.

«Хитойга қарши учрашувдан кейин берган интервьюим алам устида айтилганди. Лекин ўша гаплардан умуман афсусланганим йўқ.

Мен ҳам ўзбек футболини ривожланишини истайман. Айтган гапларимни ўзбек футболи ривожи учун айтганман. Терма жамоа ривожи учун ҳамма нарсага тайёрман. Жамоада ўзгаришлар бўлишини, ёш футболчилар жалб қилиниб, янги қон қуйилишини истайман. Агар ўша ёш футболчилар мендан кучлироқ бўлса, терма жамоага кўпроқ фойда берса, мен терма жамоадан ҳам кетишга тайёрман.

Кейинги саралаш босқичига қадар ёшим 34-35да бўлади. Бундай вазиятда ёшроқ футболчиларнинг жисмоний ҳолати меникидан яхшироқ бўлиши мумкин.

Лекин мен терма жамоадан бугун кетаман демоқчи эмасман. 12 сентябрь куни ЎФФга янги президент тайинланади. Шундан кейин янги терма жамоа келажаги борасида гаплашиб олинади. Агар ўшанда мени терма жамоага керак эмаслигимни айтишса, шу нарса терма жамоани кучайишига хизмат қилади деб ҳисоблашса кетишга тайёрман. Керак бўлсам, охиригача терма жамоа учун ўйнаб бераман», деган Аҳмедов GOL кўрсатувига берган интервьюсида.