Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев июнь ойида Андижонга ташрифи давомида вилоятда тиббиёт соҳасидаги камчиликларга алоҳида тўхталиб ўтган эди.

Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш вазирлиги тизимдаги ҳудудий тиббиёт муассасаларини кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш ва сифатини ошириш мақсадида Андижон вилоят соғлиқни сақлаш тизимига тажрибали шифокорларни юборди.

Вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижонда фаолият юритиш учун келган шифокорлар билан ҳудудда тиббиёт соҳасини ривожлантириш ва ундаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасидаги масалалар бўйича анжуман ўтказди. Мулоқот тарзида ўтказилган йиғилишда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш соҳасидаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар талай экани таъкидланди.

Шуҳратбек Абдураҳмонов шифокорлар Андижонда самарали фаолият юритишлари учун қулай шарт-шароитлар билан таъминланишига эътибор қаратиб ўтди. Уларнинг барчасига иш жойига яқин бўлган ҳудуддан уй-жойлар ажратилган. Ўз ўрнида мутахассислар вилоят шифохоналарида ишни самарали йўлга қўйиш борасида ўз фикрларини баён қилишди.  

Республиканинг нуфузли тиббиёт муассасаларида фаолият юритган етук мутахассислар энди вилоятнинг қатор шифохоналарида иш олиб боради.

Жумладан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази хирургия йўналиши бўйича бош шифокор муовини Дониёр Бўрибоев Марказнинг Андижон филиали директори вазифасида, Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси шифокори Дилшод Ҳакимов вилоят офтальмология шифохонаси бош врачи вазифасида, Тошкент педиатрия тиббиёт институти эндокринология ва болалар эндокринологияси ассистенти Шаҳло Бобохўжаева вилоят эндокринология диспансери бош врачи лавозимида иш олиб боради.

Пойтахтдан юборилган шифокорлар бундан ташқари, вилоятнинг кўп тармоқли тиббиёт маркази, ОИТСга қарши кураш маркази, силга қарши кураш маркази, тери-таносил касалликлари диспансери, онкология диспансери, кардиология диспансери, юқумли касалликлар шифохонаси бош врачлиги, перинитал марказ директорлигига тайинланишди.

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон