Техас университети олимлари ҳажми ручка билан тенг бўлган янги қурилмани тақдим этишди. У беморлар организмида саратон ҳужайраларини ўн сонияда аниқлаш имконини беради, деб хабар қилмоқда Time нашри.

The MasSpec Pen номи остидаги янги қурилма Остин шаҳридаги университет олимлари томонидан яратилган бўлиб, касалликни эрта аниқлашга қаратилган. Science Translational Medicine нашри маълумотларига кўра, "ручка" жарроҳлик амалиёти вақтида соғлом тўқимадан ўсимтани тезда фарқлаб олиш ҳамда уни максимал аниқликда олиб ташлаш учун ишлатилиши мумкин.

Ҳозирги вақтда операция вақтида зарарланган ва соғлом ҳужайраларни фарқлаш учун музлатилган кесиқ услубидан фойдаланилади – ўсимта тўқимасининг бир қисми музлатилади ҳамда цитологик таҳлилга юборилади. Шу билан бирга, ҳар бир намунани таҳлил қилиш 30 дақиқа ёки ундан кўп вақтни талаб қилиши мумкин, бемор эса бунда операция столида наркоз остида бўлади, бу инфекциялар ёки анестезиянинг салбий таъсири хавфини оширади.

The MasSpec Pen операция вақтида тўқималарни тадқиқ қилишнинг оддий услубидан фарқли равишда, зарарланган тўқималардаги йиғиндиси саратон турларига қараб турли хилда бўлувчи молекулаларни ўрганиб боради. Шу билан бирга, зарарланган тўқима олинмайди: ускуна сув томчисини ажратиб олади, унга тадқиқ қилинаётган аъзо молекулалари “миграциялашади”, сўнг уларни масс-спектрометр ёрдамида таҳлил қилишади. Иддао этилишича, The MasSpec Pen’ни қўллаш орқали касаллик борлигини 96 фоизлик аниқлик билан топиш мумкин.

"Биз MasSpec Pen организмда саратонни топиши мумкин эканини ўсимталарга эга сичқонлар моделларида ўтказилган операция вақтида кўрсатиб бердик, у тўқималар ёки ҳайвоннинг ўзига жиддий зарар етказмади. Биз MasSpec Pen жарроҳлик амалиётлари вақтида клиник технология сифатида ишлатилиши мумкин эканига аминмиз", - дейилади Science Translational Medicine нашри сайтида.