Матбуот соҳасида ишлаб, сочим оқаргани йўқ. Шундай бўлса-да, баъзи бир хулосаларга келиш учун тўққиз-ўн йил назаримда, кифоя.

Очиғи, Тошкентдаги ОАВлар ҳақида бир нима деёлмайман, аммо Самарқанддаги газета-журналларнинг, телевидениеларнинг саксон фоиз ижодий ходими филолог. «Энди, бир вақтлар журналистлар бўлмагани учун «боши айланиб» келиб қолгандир-да» дерсиз, бироқ эътироз қиламан. Самарқандлик ёш журналистлар орасида бугун ҳам филологлар кўп.

Масалага ўтай. Ҳар йили вилоятлардаги газеталарга Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети, Ўзбекистон жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетидан талабалар амалиёт учун юборилади. Бу тажрибага беш-олти йилдан буён гувоҳман.

Иккала олий ўқув юртининг раҳбарияти бундан фақат яхшиликни кўзлаган, бунга шубҳа йўқ. Чунки амалиётни кўрмаган, таҳририятда газета чиқариш тартиб-тамойили, мақола таҳририни билмаган ёш журналистнинг қўлига диплом бериш уни жангга қуролсиз жўнатишдек гап. Яъни, у эртага омади чопиб, бирор газета-журналга «илинган» тақдирда ҳам икки кунда журналистикадан совуйди. Сабаби, ишлолмайди, мақола ёзолмайди. Қарабсизки, хайр, журналистика!

Бўлган воқеа. Ҳолатни ўзгартирмасдан баён қилмоқчиман. Одатда жуда майдакаш эмасман. Лекин шу мавзуга батафсил тўхталмасак бўлмайди.

Яқинда хонамга бир йигит кириб келди:

— Яхшимисиз, брат!

— Раҳмат, келинг ука, ўтиринг.

— Журналистика факультетида ўқийман, амалиётга жўнатишди. Фалончининг (исмини айтиш ноўрин, шаънига тегиши мумкин, давлат мукофоти олган бир қиз) укасиман, танийсизми?

Боланинг иддаоси, ўзини тутишини кўриб, опасини танисам ҳам танимасликка олдим.

— Хўш, амалиётга келган бўлсангиз, нимадан бошлаймиз? Мақола ёзганмисиз, бирорта газетада мақолангиз босилганми?

— Ҳа, ёзганман, битта мақолам марказий газетада чиққан.

— Қайси мавзуда, қайси газетада? Менга деярли йигирма номдаги газета келади, ўқиб кўрай-чи.

— Эсимда йўқ, Навоий ижоди ҳақида эди...

Назаримда, бу йигит чекка тумандагилар газета ўқимайди ёки менга ўхшаган амалиётчидан тезроқ қутилиш пайида бўлади, деган хаёлга борган. Йўқ, мен уни шунчаки қўйиб юборишни хаёлимгаям келтирмадим. Амалиёт қоғозини кўздан кечирдим — 15 июндан 7 июлгача бу йигит газетамизда мақола ёзишни машқ қилиши керак экан.

— Ука, қарийб икки ҳафта олдин келишингиз керак экан, нега кечикдингиз?

«Брат, у бўлди, бу бўлди...» — Шунга ўхшаш мужмал гаплар.

— Мен сиз билан ишлаш тартибини яхши билмайман. Яхшиси, менга факультетдаги раҳбарингизни боғлаб беринг, нима деса шу тартибда ишлаймиз, — дедим. Талаба телефон рақам терди.

— Ало, брат, мен газетага келгандим. Сиз билан муҳаррир гаплашмоқчи экан... — «кураторим», дея йигит менга телефонни узатди.

Йигитнинг гуруҳ раҳбари билан суҳбатлашдик. Домлага амалиётчи талабани шунчаки, вақтини ўтказишга қўймаслигимни, хўжакўрсинга амалиёт қоғозини тўлдириб бериш ниятим йўқлигини айтдим. Ахборот ёздириш, тадбирларга жўнатиш ниятим борлигини билдирдим. Домла миннатдор бўлди. Фикримни қўллаб-қувватлади, «Қанийди, ҳамма талабаларимиздан шундай талаб қилсаларингиз», деди.

Суҳбатнинг бу томонга бурилиб кетиши талабага сира ёқмади. Икки кундан кейин мақола билан келаман, деб хонадан чиқиб кетди. Уни ушлаб қолишга, кетмайсан, дейишга ҳаққим йўқ. Ихтиёр ўзида. Учинчи кун олдимга мақоласиз кириб келди. Амалиёт муддати тугашига атиги, икки-уч кун қолган. Чиқмаган жондан умид — мавзу бердим. «Ҳеч бўлмаса битта мақола ёзинг», дедим. Эртаси куни мақола олиб келиш ваъдаси билан хонани тарк этди...

Хуллас, одамни бир ҳолат ўйлантиради. Ҳар йили юқорида тилга олганимиз — журналистика факультетларини қанча ёшлар битиряпти? Магистратура, олий журналистикани-чи? oliygoh.uz сайти маълумотларига таянадиган бўлсак, 2016-2017 ўқув йилида бакалавр йўналишига жами 70 нафар ёшлар ўқишга қабул қилинган (441 нафар абитуриентнинг етмиш нафарига талабалик бахти насиб этган). Демак, таҳририятга келган талаба ҳам ўша сараланганлардан.

Олий журналистика курси ҳамда магистратура учун ҳам йигирмадан ортиқ ўрин ажратилган. Ўзбекистон жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетига ўтган ўқув йили учун жами 50 нафар бакалавр қабул қилинган. 97 нафар абитуриент «йиқилган».

Ушбу рақамлардан кўриниб турибдики, йилига мамлакатимиз журналистлари сафи камида юз йигирма нафарга ортмоқда. Улар телевидение, радио, матбуот — борингки, интернет журналистикаси бўлсин, жамиятга шу соҳа вакили сифатида кириб боряпти. Аммо, ҳамон газета-журналларнинг аксарият ходимлари бошқа соҳа вакиллари.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, ҳар йили амалиётга жалб қилинаётган талабаларнинг ҳаммаси ҳам бу соҳани севганидан, юраги журналист бўлиб ёнганидан ўқишга кирмаган. Борингки, амалиёт даврида кўзбўямачиликни ўзлаштирмаган тақдирда ҳам журналистикани ёқтириб қолишига, сўзни қадрлашига умид қилиш мумкин эди.

Афсуски, кимлар учун орзу бўлган журналистика факультетлари баъзи ҳолатларда олий маълумот олиш ёки қайсидир таълим муассасасига ўқишни кўчириш воситасига айланмоқда. Таклиф шундай. Олий ўқув юртларидан амалиётга жўнатилаётган талабалар учун бу давр энг муҳим жараён. Шундай экан, устозлар, гуруҳ ва амалиёт раҳбарлари шогирдингизнинг қайси муассасага боргани, у жойда нима билан шуғуллангани билан қизиқинг. Ташкилот раҳбарияти билан бир марта бўлсин боғланинг, мулоқот қилинг, таклифингизни айтинг.

Ўз навбатида, газета-журналлар раҳбарлари ҳам амалиётчи талабага юзаки муносабатда бўлса, эртага кадрлар муаммоси давом этаверади. Ҳа, айтганча, ўша амалиётчи йигит қайтиб келмади. Амалиёт дафтарини ким тўлдирди, билмадим. У ёзажак мақоладан эса умид узганим йўқ.

 

Исомиддин ПЎЛАТОВ,

«Жомбой тонги» газетаси муҳаррири.