Жиззах вилояти Ўрта махсус касб-ҳунар таълим бошқармасида хўжалик-мудири кассир лавозимида фаолият юритган Зулайҳо Жўраева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бошқарма таркибидаги ўқув юртларига ўқувчиларни киритиш орқали моддий манфаат кўришни мақсад қилади, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Аввалига З.Жўраева фуқаро Нина Олькинага таниш-билишлари орқали қизи Умида Олькинани Жиззах тиббиёт коллежига ўқишга киритиб қўйишини айтиб, унинг ишончига киради. Аёлнинг сўзамоллиги, чўрт кесиб гапиришига ишонган Нина Олькина 1200 АҚШ долларини З.Жўраевага тутқазади.

Ёлғон гаплар, сўзамоллик ортидан келаётган пул “қаҳрамон”имизни анчайин ўзгартирди. Биринчи “ов”идаги натижа сабаб, кўнглида яна шум ният туғилди. Шу боисданми, орадан бир ой ўтиб, З.Жўраева Нина Олькинанинг қизи Умид Олькинанинг ёнига келади. “Сени коллеж киритиб қўйдим. Ўқишга боришинг, сессия ёпишинг, амалиётларга қатнашишинг шарт эмас, барчасини ҳал қилганман”, дея турли ёлғонларни тўқиб, қизни ишонтиради. Унинг ёлғон гапларига ишонган Умид Олькина етти ой давомида 6 млн сўм пулларини З.Жўраевага қўшқўллаб топширганини билмай қолди.

Умида Олькинага Россия Федерациясида ишлаётган онасидан келиб турган пулнинг дарагини эшитган “қаҳрамон”имиз бу билан тўхтаб қолмади. Фирибгар аёл яна Умидага учрашди. Бу сафар у 10 кун ичида қайтариб бериш шарти билан 1600 АҚШ долларини чўнтагига урди.

Қандай бўлмасин, Умидадан яна пул ундиришни мақсад қилган З.Жўраева бу сафар ўзига Жиззах туман компьютер технологиялари коллежида ўқитувчи бўлиб ишлаган Севара Турғуновани шерик қилди. Унга Умида Олькина Жиззах туман компьютер технологиялари коллежида ўқиётганлигини, тез орада ҳужжатлари бошқарма орқали тиббиёт коллежига ўтишини тушунтиришда ёрдам беришини сўрайди. С.Турғунова таниши З.Жўраеванинг айтганига рози бўлди.

Унга учраган Умид Олькинага коллежида ўқиётгани, яқин кунларда тиббиёт коллежига ҳужжатлари ўтишини айтиб, қизни уйига кузатади. Бу орада “қаҳрамон”имиз ишлари битаётганлиги учун Умидадан яна 100 АҚШ долларини олди.

Меҳнатсиз даромаддан оғзи ширин бўлган З.Жўраева яна “ўлжа” излашга тушди. Кўп ўтмай унга Пахтакор туманида истиқомат қилувчи фуқаро Фарангиз Асқарова рўпара бўлди. У қизи Дилафрўзни Жиззах тиббиёт коллежига ўқишга киритиш нияти борлиги, шу масалада ёрдами кераклигини айтди. З.Жўраева Ф.Асқарованинг ишончини “оқлади”. Ф.Асқарова 800 АҚШ доллари, 1,5 млн сўмлик уч дона тилла узук, орадан кўп ўтмай, яна 200 АҚШ долларини “ҳожатбарор”га берганини билмай қолди.

Бундан ташқари, З.Жўраева Жиззах шаҳрида яшовчи фуқаро Зарнигор Набиевадан уни Жиззах педагогика коллежига ишга киритиб қўйиш эвазига 200 АҚШ долларини фириб йўли билан олади.

З.Жўраеванинг фирибларига чек қўйилди. Жиноят учун жавобгарлик муқаррар. Суд томонидан З.Жўраевага қилмишига яраша жазо тайинланди.