Қашқадарё вилояти республикада саноати ривожланган, халқидан кўплаб буюк олим, шоир ва зиёлилар чиққан ўлка ҳисобланади.

Шу билан бирга гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, нафси ҳакалак отган, қадами ва вақтини пул билан ўлчайдиган, ўзлигини йўқотган, тадбиркорлик ниқобида ҳалқни ҳисобидан  бойиб  бораётганлар  ҳам бор.

Шундайлардан бири Халиловлар сулоласидир. Уларнинг етакчиси Очилбой Халилов бутун иш фаолияти давомида ва ҳозирги кунда ҳам вилоят аҳолисини дори таъминотини расман ўз қўлига олган шахсдир.

Жумладан О.Халилов «Қашқадарё дори-дармон» акциядорлик жамиятига кўп йиллардан бери раҳбарлик қилиб, ушбу корхонани 2014 йилда ўзининг меросхўри сифатида раҳбарлик тахтига ўғли Илхомбой Халиловни ўтказди.

Ушбу корхона тўғрисида икки оғиз тўхталсак, «Қашқадарё дори-дармон» акциядорлик жамияти 1994 йилда олдинги «Фармация» ишлаб чиқариш жамияти ўрнида ташкил этилган бўлиб, асосий акция эгалари О.Халиловнинг яқин қариндошлари, яъни ўғиллари Акром ва Икром, келини (Дилафруз) ўртасида ушбу корхонанинг 50% яқин улуши ўзаро бўлиб олинган. Бу ҳам камлик қилганидек 2016 йилда сохта хужжатлар асосида, худди чет эл капиталини жалб қилгандай, аслида эса О.Халиловга тегишли британия компанияси «Rodex Trading Limited» 15% улушни расмийлаштирган.

Эндиликда ушбу Халиловлар уруғ-аймоғи дори савдосидаги ноқонуний ҳаракатлари орқасидан оладиган даромадга ҳам қониқмасдан, тадбиркорликни ривожлантириш шиори остида халққа тегишли мол-мулкни ўзлаштиришмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг биринчи чорагида Қарши шаҳар Жайхун кўчасида ажратилган 1,2 гектар ер майдони микробга қарши дори ишлаб чиқариш учун олинган бўлсада, ҳозиргача бир ғишт қўйилмаган.

Бунинг ўрнига ўзига тегишли «Азим-м» ва «Дармон фарм» фирмалари орқали дориларни қимматга сотиш, сохта хужжатлар орқали қишлоқ аҳолисига ажратилган дориларни ўзлаштириш айни палласида кетмоқда. Психотроп дори воситалари ва яроқлилиги ўтган дорилар О.Халиловга тез даромад келтирувчи восита ҳисобланади. Шуларнинг орқасидан ўндан ортиқ шахсий ҳовли ва квартираларга эга, энг қиммат чет эл автомашиналари эса О.Халилов сулоласи хизматига шай.

Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади. О.Халилов шунча ноқонуний иш қилган бўлса вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари қаёққа қарамоқда?

Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖДЛҚК Департаментининг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан «Қашқадарё дори-дармон» акциядорлик жамиятида бир неча бор дори воситалари савдосида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган бўлсада, негадир ушбу ишлар охиригача етказилмаган. 

Бунга асосий сабаб - О.Халиловни ҳуқуқ-тартибот органларидаги яқинлари, яъни ҳар ойда ўз «улуш»ини олиб турувчи гумашталари унга хизмат қилиш учун ҳозиру-нозир бўлиб, сулолага қарши бўлган материалларни ёпиш ёки тинчитиш илинжида ҳаракат қилишади. 
Бундан ташқари унинг йўриғига юрмаган маҳаллий хокимят ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари устидан юқори ташкилотларга ҳар хил иғволи ёзишмалар ташкил қилишга устаси фаранг.

«Қашқадарё дори-дармон» акциядорлик жамиятидаги жамоа ўртасида ҳам О.Халиловни сулоласининг ноқонуний ҳаркатларига қарши бормасликни афзал билишади. Агар озгина эътироз билдиришса, ушбу жамиятда олдин ишлаган Н.Рузикуловага ўхшаб иш жойидан ажралиши тайин, қаттиқроқ босим қилмоқчи бўлса Т.Махманазаровга ўхшаб тўсатдан «ўлиб қолиши» мумкин, ёки З. Пирназаровдек Россияга қочиб қутилади. Бунақа мисоллар кейинги ўн йилда анча мунча йиғилиб қолган.

О.Халиловнинг асосий ютуғи ҳокимиятга ёки ҳуқуқ-тартибот органларига янги келган раҳбарларни кўнглини олиб, уларни ҳар ойда «йўқлаб турса» иши «БЕШ», унга ҳеч ким тегмайди. 

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, жамиятда шунақа О.Халиловни сулоласига ўхшаган шахслар пора бериш орқали ўзини қинғир ишларини амалга ошираркан, Давлат қанча аҳолини дори таъминотини яхшилашга қаратилган Қарорлар қабул қилишига қарамай яқин йилларда бу соҳа ўзгаришсиз қолиши табиий.

Манба: dunyouzbeklari.com