Интернетда Украина пойтахти Киев марказида Toyota Camry автомобили портлаши қайд қилинган видеоёзув пайдо бўлди. Видео видеорегистратор камераси томондан муҳрланган.

Видеода портлаш ва машина бўлакларининг ҳар томонга отилаётганини кўриш мумкин.

Портлаш 8 сентябрь соат 18:21да Киевдаги Бессараб бозори ёнидаги кўчада юз берган.

Автомобилда уч киши бўлган: эркак ҳайдовчи, аёл ва бола. Портлаш оқибатида эркак ҳалок бўлган, аёл жиддий жароҳатлар олган, болага эса ҳеч нарса қилмаган.

Ҳалок бўлган шахс Грузиянинг Тимур Махаури исмли фуқароси бўлган. Украина ички ишлар вазири матбуот котибининг айтишича, у жиноий доираларда таниқли шахс бўлган. Украина ОАВ Махаури аввал Донбассдаги тўқнашувларда иштирок этганини маълум қилган. 

Полиция ушбу ҳолат юзасидан “қасддан қотиллик содир этиш” моддаси билан жиноий иш қўзғатган.