Лондондаги қироллик оиласи ўз автомобилларини сотувга қўймоқда. Елизавета II, малика Маргарет, малика Диана ва ҳатто Америка президенти Рональд Рейган турмуш ўртоғи билан ўтирган автомобиллар ҳам шулар жумласидандир. UsedCars шу ҳақида хабар берди. 

Фото: usedcars.ru

Ушбу автомобиллар лот сифатида қўйилган кимошди савдоси 9 сентябрда, Goodwood Revival фестивали доирасида бўлиб ўтади. Бу - ретро-автомобиллар ва мотоцикллар қатнашувчи анъанавий фестиваль.

Таъкидлаш жоизки, 2012 йилда Елизавета II томонидан харид қилинган яшил Bentley Mulsanne ҳам сотувга қўйилади. 2014 йилга қадар расмий жараёнлар ва сафарларда қиролича ушбу автодан фойдаланган. 

Фото: usedcars.ru

Манбага кўра, герб ва қироллик рақамлари машинадан олинган ва энди у назарий жиҳатдан ҳеч нимаси билан ажралиб турмайди. Ягона сақланиб қолган жиҳати - хотира - автомобиль навигаторида "Уй" белгиси остида қиролича истиқомат қилувчи Виндзор саройи манзили қайд этилган. Машинанинг кимошди савдосидаги бошланғич баҳоси - 230 минг фунт.  

1980 йилда ишлаб чиқарилган, қироллик оиласига мансуб Rolls-Royce Silver Wraith II LWB Saloon эса 120 минг фунтга баҳоланмоқда. Бу машинада Елизавета II'нинг 2002 йилда ҳаётдан кўз юмган синглиси, малика Маргарет ҳаракатланган. Автомобилдан охирги марта Маргаретнинг дафн маросимида фойдаланилган. Шундай бўлса-да, турли даврларда бу автомобилдан йўловчи сифатида фойдаланганлар орасида малика Диана, Рональд ва Нэнси Рейган ва Елизавета II'нинг номларини ҳам қайд этиш мумкин. 

Фото: usedcars.ru
Фото: usedcars.ru

Goodwood Revival фестивали доирасида тақдим этиладиган яна бир авто - Land Rover Series IIA 4 × 4 Ceremonial Vehicle. Қиролича Елизавета ва шаҳзода Филипп Шимолий Ирландия бўйлаб сафарларида шу автомобилдан фойдаланишган. 

Фото: usedcars.ru