Мексикада 8 сентябрга ўтар кечаси юз берган кучли зилзиладан кейин 260 дан кўпроқ зилзила қайд қилинган. Бу ҳақда Мексика миллий сейсмология хизмати маълум қилди.

“Соат 10:15га Чьяпас штати соҳиллари яқинида 266 та қайта зилзила қайд қилинди. Улардан энг кучлиси 6,1 магнитудали бўлган”, дейилган хабарда. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, умумий ҳисобда 5 ва ундан юқори магнитудали 13 та афтершок қайд қилинган.  

Мексика президенти Энрике Пенья Ньето твиттерда зилзила оқибатида 30 дан кўпроқ одам ҳалок бўлгани ва 200 дан кўпроқ одам жароҳатланганини тасдиқлаган. “Чьяпас ва Оахака штатлари энг кўп талфоат кўрди”, деб айтган президент. 

Унинг айтишича, аэропорт ва портлар одатдагидек ишламоқда. Зилзиладан кейин 1,85 млн киши электрсиз қолиб кетган. Айни вақтда электр таъминоти 90 фоизга тикланган. Маълумотларига кўра, зилзила магнитудаси 8,2 баллни ташкил қилган. Зилзила маркази Тонала шаҳридан 137 км узоқликда, ўчоғи эса 58 км чуқурликда бўлган.

Пенья Ньетонинг айтишича, ушбу зилзила мамлакатда охирги 100 йил ичида юз берган  энг кучлиси бўлган. Мексика ҳукумати пойтахт Мехико ва бир қатор штатларда мактабларни ёптириб қўйган.