Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 8 сентябрда “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонга кўра Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси 1-иловага мувофиқ; 

Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқланди.
 
Қуйидагилар давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича маъмурий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ва вазифалари этиб белгиланди: 

а) қуйидагиларни назарда тутувчи ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг институционал ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш: 

ижро этувчи ҳокимият органлари, шу жумладан, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш ва тугатишнинг аниқ мезонлари ҳамда тартиб-таомилларини жорий қилиш; 

ижро этувчи ҳокимият органлари, уларнинг тузилмалари ва бўлинмаларини оптималлаштириш; 

ижро этувчи ҳокимият органлари ва улар раҳбарларининг бириктирилган соҳада давлат сиёсати амалга оширилишида мустақиллигини ошириш; 

“Электрон ҳукумат” тизимини янада кенг жорий этиш; 

давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш; 

маъмурий адлия тизимини ривожлантириш; 

б) қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, ижро этувчи ҳокимият органларининг вазифалари (функциялари, ваколатлари)ни, уларни амалга ошириш механизмлари ва жавобгарлик соҳаларини аниқлаштириш, мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлик жараёнларини такомиллаштириш; 

ижро этувчи ҳокимият органларининг аниқ вазифалари (функциялари, ваколатлари)ни ва жавобгарлик соҳаларини белгилаш, ишониб топширилган тузилма фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг аниқ тизимини жорий этиш; 

давлат ва ҳудудий ривожланиш дастурларини шакллантиришда ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг ташаббускорлигини ошириш ҳамда ролини кучайтириш; 

мақсадли индикаторларга эришишга ва стратегик ривожланиш дастурларини амалга ошириш самарадорлигига асосланган барча даражадаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини, шу жумладан, вакиллик ҳокимияти органлари томонидан улар ҳисоботларини эшитиш йўли билан баҳолашнинг принципиал янги тизимини жорий этиш; 

“ақлли тартибга солиш” моделларини ва қабул қилинаётган қарорларнинг тартибга солиш таъсирини таҳлил қилишнинг стандартлаштирилган услубиётини жорий этиш; 

айрим давлат функцияларини жамоатчилик назорати субъектларига ўтказиш йўли билан тартибга солиш воситаларини такомиллаштириш; 

ишни ташкил этишнинг аниқ натижаларга эришишга қаратилган замонавий услубларини (сифат менежменти, индикатив режалаштириш, аутсорсинг, краудсорсинг) жорий этиш; 

ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш жараёнида жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликнинг замонавий шакл ва механизмларидан кенг фойдаланиш; 

в) қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни янада қисқартириш ва бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш: 

энг зарур иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларда (саноат, транспорт, энергетика ва бошқалар) соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, давлат ва тижорат манфаатлари тўқнашувини бартараф этишга қаратган ҳолда бошқарув тизимини такомиллаштириш; 

иқтисодий фаолиятда давлат иштирокининг аниқ бозор механизмларини ишлаб чиқиш; 

ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб масалаларини ҳал этишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларининг кенг иштирокини таъминлашга қаратилган ижтимоий ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий ва институционал базасини такомиллаштириш; 

айрим давлат функцияларининг лозим даражада бажарилиши устидан давлат назорати механизмларини жорий этган ҳолда уларни хусусий секторга ўтказиш; 

г) қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, вертикал бошқарув тизими ва ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамкорлигининг механизмларини такомиллаштириш: 

давлат бошқарувини босқичма-босқич номарказлаштириш; 

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий имкониятлари, роли ва жавобгарлигини кенгайтириш;

маҳаллий давлат ҳокимияти тизимини ташкил этишда ҳокимиятлар бўлиниши принципининг амалий рўёбга чиқарилишини таъминлаш; 

ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб масалаларини ҳал этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини ва фаолият самарадорлигини ошириш; 

д) қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, давлат бошқаруви тизимига стратегик режалаштиришнинг замонавий шакллари, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш: 

стратегик режалаштириш тизимини ташкил этиш ҳамда давлат бошқарувининг инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялардан кенг фойдаланишга асосланган замонавий шаклларини жорий этиш; 

илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини ривожлантириш соҳасини, шу жумладан, инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқиш соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда унга инвестицияларни кенг жалб этиш; 

илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятининг замонавий ютуқларини жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш; 

табиатни муҳофаза қилиш, ресурс ва энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш; 

е) қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, профессионал давлат хизматининг самарали тизимини шакллантириш, ижро этувчи ҳокимият органлари тизимида коррупцияга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш: 

давлат хизмати, давлат бошқаруви соҳасида мутахассислар тайёрлашнинг махсус таълим йўналишларини ташкил этиш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш; 

давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминотининг муносиб шароитларини яратиш; 

ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш; 

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш. 

Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш бўйича комиссия 3-иловага мувофиқ таркибда; 

Давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилиш юзасидан танқидий ўрганиш ўтказиш ва таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар 4-иловага мувофиқ таркибларда ташкил этилади. 

Комиссия (А.Н.Арипов): 

бир ҳафта муддатда Давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилиш юзасидан танқидий ўрганиш ўтказиш ва таклифлар тайёрлаш жадвалини тасдиқлайди; 

Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси ва “Йўл харитаси”ни амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилиши ҳамда белгиланган тартибда киритилишини таъминлайди; 

Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш доирасида фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, илмий доиралар вакиллари ва хорижий экспертларни кенг жалб этган ҳолда учрашувлар, семинарлар, "давра суҳбатлари" ва пресс-конференциялар ташкил қилади; 

Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси ва “Йўл харитаси”нинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши устидан қатъий назорат ўрнатади. 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги: 

Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси ва “Йўл харитаси”нинг амалга оширилиши доирасида ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ўз вақтида ҳамда сифатли тайёрланиши, келишилиши ва киритилиши устидан мониторинг олиб борилишини таъминлайди; 

ҳар ойда Комиссияга мониторинг натижалари тўғрисида ахборот киритади. 

Белгиланишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони хизматлари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар, шунингдек, ишчи гуруҳлар раҳбарлари мазкур Фармонда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгардир. 

Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари У.С.Исмоилов, О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юкланди.