Ҳозирги кунда Тошкент давлат аграр университети Европа, АҚШ, МДХ давлатларининг ривожланган олий таълим муассасалари ва ўқув марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини олиб боради.

Университет чет эл ОТМ ва ИТИлари билан 40 дан зиёд шартнома ва меморандумлар имзолаган. Бунга охирги икки йил давомида университет раҳбар ва педагог ходимларининг 100 дан ортиғи малака ошириш курсларига, стажировкаларга ҳамда 200дан зиёд талабалар чет эл университетларида ишлаб чиқариш амалиётларига юборилганини мисол қилиб келтирсак бўлади. Kорея миллий тадқиқотлар фонди билан тузилган шартнома асосида ҳозирги кунда иккита кореялик профессор университетда фаолият олиб бормоқда.

Университетнинг таклифи асосида ва халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида 8 сентябрь куни ECO science foundation президенти Манзоор Ҳусайн Сомро ТошДАУга ташриф буюрди. 

ECO science foundation – Халқаро ташкилот 2011 йил 20 декабрда Исломобод (Покистон)да ташкил этилган. 

Ташкилотга Афғонистон, Озарбойжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон ва Ўзбекистон аъзо бўлган. ECO science foundation аъзо бўлган мамлакатларнинг олий таълим тизимини ривожлантириш мақсадида олий таълим муассасаларига грантлар ажратади. 

Ташриф давомида жаноб Манзоор Ҳусайн Сомро университет раҳбарияти билан учрашди ва ECO science foundation ҳамда ТошДАУ ўртасида икки томонлама ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида меморандум имзолади. 
Университетнинг ҳаётида яна бир муҳим воқеа ҳисобланган Хитой Халқ Республикаси Балиқчилик Фанлари Академияси вице-президенти Лиу Хонгмей хоним бошчилигидаги делегация ташрифи бўлди. 

9 сентябрь куни Лиу Хонгмей хоним университет ректори Ботиржон Сулаймонов билан учрашди. 

Учрашув чоғида Хитой Халқ Республикаси Балиқчилик Фанлари Академияси вице- президенти Лиу Хонгмей университет ректори Ботиржон Сулаймонов билан музокаралар ўтказди. Мехмонлар университетда олиб борилаётган илмий изланишлар ва халқаро лойиҳалар ҳақида хабардор қилинди. Ташриф давомида университет профессор ўқитувчилари Хитой Халқ Республикаси аграр университетлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар билан таништирилди ва қилинган ишлар меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди.