Ўзбекистон чемпионатининг 20-туридан ўрин олган «Металлург» ва «Пахтакор» жамоалари учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Шота Арвеладзе учрашув хусусида фикрларини билдириб ўтди.

«Майдоннинг ҳолати ҳар икки жамоага яхшироқ футбол ўйнашга имкон бермади. Менимча, учрашувдан аввал уни суғориб олиш керак. Тўп етарли даражада тез юрмагани учун майдонда кураш кўпайди. Деярли ҳар дақиқада тўхталишларга гувоҳ бўлдик.

Ўйинга келсак, менга жамоамнинг интилиши ёқди. Гол ўтказиб юбордик ва жуда тез ўйинга қайта олдик. Сафарда уч тўп киритиш яхши кўрсаткич. Бугун сафардаги илк ғалабамни нишонладим ва бунинг учун йигитларга миннатдорчилик билдирдим.

Бизга қарши жамоалар бор кучи билан ўйнашмоқда. Бу яхши ҳолат», - дея Арвеладзенинг сўзларини келтиради «Пахтакор» расмий сайти.