Бангладеш президенти Остонадаги ИҲТ саммитидаги чиқишида Мьянмадаги вазият юзасидан баёнот билан чиқди. Tengrinews шу ҳақида маълум қилди. 

Абдул Ҳамиднинг таъкидлашича, бугун Бангладеш Мьянмадаги рўй бераётган муаммоларга бевосита жалб этилган.

"Зеро роҳингя мусулмонлари оммавий равишда бизнинг ҳудудга кўчиб ўтмоқда ва табиийки, биз уларга гуманитар ёрдам кўрсатишимиз керак. Мен халқаро ҳамжамият, хусусан ИҲТга муаммоларни ечишда бизга ёрдам беришни ва бу мусулмон жамиятининг ўз ватанига қайтишини таъминлашни сўраб мурожаат қилмоқчиман. Токи уларга ҳам хавфсиз ва барқарор ҳаёт кечириш ҳуқуқи берилсин", - деди Бангладеш президенти Абдул Ҳамид. 

Ундан ташқари, Қозоғистон ва Туркия президентлари ҳам Мьянмадаги вазиятдан жиддий ташвишда эканликларини билдиришди. 

Нурсултон Назарбоев томонларни БМТ доирасида зўравонликка чек қўйишга ва мулоқот қилишга чақирди. 

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам бу борада ўз фикрини билдириб, шундай деди: "Бангладеш ҳукумати билан бирга инсониятнинг бу драмасига нуқта қўйишимиз керак. Бангладешдаги қочқинлар ҳам ёрдамга муҳтож. Биз уларга ёрдам беришга тайёрмиз. Бу зўравонликка чек қўйиш учун барча мусулмон мамлакатлар биргаликда ҳаракат қилиши керак", - деди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған.