Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған якшанба куни Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Остонада бўлиб ўтаётган Илм-фан ва технологиялар бўйича саммитида унинг мамлакати мьянмалик қочқинларга ёрдам кўрсатишга тайёр экани, шунингдек Мьянмадаги зўравонликка чек қўйиш учун барча мусулмон халқлар биргаликда ҳаракат қилиши кераклигини айтди. 

"Мьянмада бизнинг мусулмон биродарларимиз жуда шафқатсиз муносабатга дуч келишмоқда, уларни ўз уйларини тарк этишга мажбур қилишмоқда. Биз уларга бўлган бундай адолатсиз муносабатга чек қўйилиши учун бор кучимизни сафарбар этишимиз лозим. Биз инсониятнинг бу драмасига чек қўйиш учун Мьянма ва Бангладеш ҳукуматлари билан бирга иш олиб бормоқчимиз", - деди Эрдўған.

Туркия президенти Бангладеш ҳудудида бошпана излаётган мусулмонлар ҳам ёрдамга муҳтож эканини маълум қилган. 

"Биз Бангладешга бу борада ёрдам бермоқчи эканимизни айтдик. Бу зўравонликка чек қўйиш учун барча мусулмон мамлакатлар биргаликда ҳаракат қилиши керак", - дея таъкидлади Эрдўған.