Туркия президенти Тоййиб Эрдўған Остонадаги Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида мусулмон мамлакатлар аҳолисининг билимсизлиги борасида фикр билдирди. Tengrinews шу ҳақида хабар берди

"Биз умримизнинг охиригача ўқиш ва ўрганишни тавсия қилувчи динга эътиқод қиламиз. Ислом цивилизацияси - илм-фан ва билимлар цивилизацияси. Мусулмонлар дунё сиёсатини бошқарган пайтларда айнан уларнинг ўлкаси илм-фан ва инновациялар маркази бўлган. Мусулмонларнинг ҳаётида илм-фан, ўқиш ва тадқиқотлар иккинчи даражага ўтиб қолганда эса қолоқлик ва таназзул даври бошланган", - деди Ражаб Тоййиб Эрдўған ўз нутқида. 

"Бугунги кунда ислом олами аҳолисининг 55 фоизи - билимсиз. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) мамлакатларида ЯИМнинг ўртача 5,2 фоизи билим олишга ажратилади. Бизнинг энг билимли болаларимиз, энг ноёб ақл соҳиблари Ғарб мамлакатларига кетиб қолишмоқда, Ғарб ташкилотларида ишлашмоқда. Афсуски, ахборот технологиялари соҳасида биз ишлаб чиқарувчи эмас, истеъмолчимиз. Бу эса миллий хавфсизлигимизга таҳдид солади. Кучли мамлакат бўлиш учун биз тўкис билимни энг яхши шаклда ишлаб чиқаришимиз керак", - деди Туркия президенти ИҲТнинг Остонадаги саммити доирасида. 

Эрдўған ислом давлатлари ИҲТ доирасида ўз билимлари, технологик ютуқлари, шунингдек талабалар ва педагоглари   билан алмашишлари кераклиги ҳамда университетлар билан ҳамкорлик қилиши кераклигини айтди. "Туркия ҳам бунга тайёр", - дея таъкидлади Ражаб Тоййиб Эрдўған. 

ИҲТ 1969 йилда ташкил қилинган. Ҳозирда унинг 57 аъзоси бор.