Буюк Британия ҳукумати Пхеньяннинг ядровий қуролга эгалик қилиш истагининг тезда амалга ошишида Эрон ё Россия ёрдам берган бўлиши мумкинлигидан хавфсирамоқда. The Sunday Telegraph шу ҳақида хабар берди

Нашрнинг Буюк Британия ҳукуматидаги манбалари шимолий кореялик олимлар мамлакатнинг ядровий технологияга эга бўлишини мустақил равишда  таъминлагани борасидаги маълумотни ишончли деб ҳисоблашмайди. Шу муносабат билан Британия ТИВ амалдаги ёки собиқ ядровий державаларнинг қай бири КХДРга бундай технологияларни тақдим этгани ёки мамлакатга консультацион хизмат кўрсатгани борасида тергов иши ўтказмоқда. 

"Эрон у ёки бу шаклдаги ёрдам кўрсатганликда гумон қилинаётган мамлакатлар рўйхатида бошчилик қилмоқда, шунингдек Россия ҳам диққат марказида", - дея таъкидланади мақолада. 

Мақолада Британия ҳукуматининг умиди Пхеньянга ядровий технологияларнинг эҳтимолий етказиб берувчисини аниқлаш "иқтисодий санкцияларга қарамай, йўналишини ўзгартиришдан бош тортаётган режимга босим ўтказиш учун янги дипломатик имкониятларни очиши"га қурилаётгани қайд этилган.

Таъкидлаш жоизки, 3 сентябрь куни КХДР водород зарядини муваффақиятли синовдан ўтказгани ҳақида маълум қилди. Халқаро ҳамжамият бунга кескин муносабат билдирди. Хусусан, АҚШ президенти Дональд Трамп Пхеньян билан ҳамкорлик қилувчи мамлакатлар билан савдо алоқаларига буткул нуқта қўйиш масаласини кўриб чиқаётганини маълум қилди.