"Ирма" довулининг яқинлашиши муносабати билан Флориданинг 70 мингдан зиёд аҳолиси штатнинг бутун ҳудуди бўйлаб жиҳозланган вақтинчалик бошпаналарга жойлаштирилди. Бу ҳақида Флорида губернатори Рик Скотт матбуот анжуманида маълум қилди. 

"Биз бошпаналар етарли бўлишини таъминлаш учун жойлардаги ҳукуматлар билан биргаликда туну кун ишлаяпмиз. Ҳозирда уларнинг сони 385 тага етган бўлиб, яна бошқа бошпаналар ҳам жиҳозланмоқда. Уларга 70 мингдан зиёд киши жойлаштирилмоқда", - дея аниқлик киритди губернатор. У 6,3 миллион киши мажбурий эвакуация қилинишини таъкидлади.

Шунингдек губернатор Флорида қирғоқларида 4.6 метр баландликдаги сув тошқини кутилаётгани, 7.6 минг киши электр энергиясисиз қолиши прогноз қилинаётганини маълум қилди. Рик Скотт довуллар маккор атмосфера ҳодисаси экани ва улар бир неча дақиқада бир аҳоли пунктини бир неча марта қамраб олиши мумкинлигини эслатиб ўтди. 

"Ёдингизда бўлсин, шамол кучининг пасайиши хавф йўқолганини билдирмайди. Вақтинчалик жимлик пайтида ҳам асло деразаларни оча кўрманг. Тўфон денгиздаги тўлқинлар каби - келади ва яна қайтиш учун кетади", - дея огоҳлантирди у.