Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 сентябрь куни «Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарорни имзолади.

«Ўтган давр мобайнида соғлом ва ҳар томонлама ривожланган ўсиб келаётган авлоднинг шаклланишини таъминлашга қаратилган самарали мактабгача таълим тизимини ташкил қилиш бўйича комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди ва шу билан бирга, мавжуд тизимли камчиликлар мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини тўлиқ амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда», — дейилган қарор матнида ва камчиликлар бирма бир санаб берилган.

Мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларини юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш, уларнинг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мактабгача таълим соҳасидаги фаолияти қониқарсиз деб топилган.

Қарорга кўра белгилаб қўйилмоқдаки, 2018 йил 1 январдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарларида, вилоятлар марказларида эксперимент тариқасида давлат-хусусий шериклик шартларида, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутган ҳолда янги мактабгача таълим муассасалари ташкил этилади:

  • замонавий ижтимоий-ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш мақсадида инвесторларга ер участкалари, бўш турган бинолар, шу жумладан, фаолият юритмаётган ва тарбияланувчилар сони кам бўлган давлат мактабгача таълим муассасаларини беғараз ажратиш;
  • инвесторларга мактабгача таълим муассасаларини, айниқса шундай муассасаларга юқори эҳтиёж мавжуд ва инфратузилмаси ривожланмаган ҳудудларда ташкил этиш учун зарур бўлган солиқ имтиёзлари ва бошқа преференцияларни, шунингдек, имтиёзли кредитларни тақдим этиш имконияти;
  • инвесторлар томонидан ваколатли давлат органлари билан 50 йил муддатга тузиладиган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув асосида лойиҳани амалга ошириш;
  • инвесторлар томонидан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишувда назарда тутилган шартларга, мактабгача таълим соҳасидаги давлат талабларига, санитария-гигиена нормаларига қатъий риоя этиш, келишув амал қилишининг бутун муддати давомида фаолият йўналишини сақлаб қолиш бўйича мажбуриятларни қабул қилиш, шунингдек, мактабгача таълим муассасалари хизмати нархининг ижтимоий ҳаммабоплигини таъминлаш;
  • давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув шартларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда уларни бекор қилиш механизмлари.

 

Тошкент шаҳрида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга эксперимент тариқасида рухсат берилсин.

Қарорга кўра, мактабгача таълим тизимини танқидий ўрганиш ва янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) ташкил этилмоқда ва қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгиланмоқда:

  • мактабгача таълим соҳасидаги қонунчиликни ундаги бўшлиқларни, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларни юзага келтирувчи нормаларни аниқлаш нуқтаи назаридан инвентаризация қилиш ва таҳлил этиш;
  • мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга оширишга, шу жумладан, зарур инфратузилмани яратишга, ходимларнинг меҳнатини моддий рағбатлантиришга, педагогик кадрларни сифатли тайёрлаш ва малакасини оширишга, шунингдек, мактабгача таълимнинг хусусий секторини ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда комплекс ўрганиш;
  • мактабгача ёшдаги болаларни уйғун ривожлантириш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда сифатли мактабгача таълимни ташкил этишга давлат талабларини қайта кўриб чиқиш;
  • мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилишнинг амалдаги тартибини, ваколатли давлат органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши ҳолатини танқидий ўрганиш;
  • мавжуд амалиёт ва илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини лицензиялашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
  • мактабгача таълим муассасаларини ўқув-тарбиявий адабиётлар билан таъминлаш тизимини таҳлил қилиш;
  • мактабгача таълим муассасаларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш тартибини ўрганиш ҳамда сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатлар етказиб беришнинг шаффоф ҳамда соддалаштирилган тизимини яратиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
  • мактабгача таълим соҳасида қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.