Мьянмада жанг олиб бораётган “Аракан роҳингяларини қутқариш армияси” (ARSA) гуруҳи гуманитар ёрдам етказилишини таъминлаш мақсадида бир томонлама тартибда ўт очишни тўхтатишини эълон қилди.  

Гуруҳнинг твиттердаги баёнотида айтилишича, ярашув 10 сентябрь эрталаб бошланади ва бир ой амал қилади.

“ARSA барча манфаатдор ташкилотларни ўт очиш тўхтатилиши вақтида гуманитар инқирознинг барча жабрдийдаларига миллий ва диний мансублигидан қатъий назар, гуманитар ёрдам тақдим қилинишини тиклашга чақиради”, дейилган баёнотда.

Аввалроқ БМТ Мьянмда 2 ҳафтадан бери давом этаётган диний адоват негизидаги тўқнашувларда мамлакатни 270 минг роҳингя мусулмонлари тарк этишганини маълум қилганди. Уларнинг барчаси бошпана топиш мақсадида қўшни Бангладешга ўтишган. Бу ерда қочқинлар учун деярли жой қолмаган. БМТ бошпанасиз қолган роҳингяларга ёрдам сифатида ҳомий давлатлардан 11,3 млн доллар маблағ сўраган.