Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан наркотик моддалар тарқатилишининг олдини олиш, қўшни давлатлардан бундай «оғу»ларнинг кириб келиш йўлларига тўғаноқ бўлиш борасида фаол ишлар олиб борилмоқда.

Бу ишда айниқса йил бошидан буён бир неча наркогуруҳларни фош этган миллий хавфсизлик хизматининг алоҳида ўрни бор.

Хусусан, яқинда наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятлари учун муқаддам судланган, бироқ ўзининг жионий ўтмишидан тўғри хулоса чиқармаган Фарғона вилояти Боғдод туманида истиқомат қилувчи 31 ёшли Авазжон Мелиевни қўлга тушириш бўйича махсус операция муваффақиятли якун топди. Олинган маълумотларга кўра, А.Мелиев йўловчи машинада Тошкент вилоятининг Бекобод туманидан пойтахтга қараб йўл олади. Унинг ёнидаги сумка кўздан кечирилганида, 3,5 кг оғирликдаги қорадори топилади.

Суриштирув чор-тадбирлари натижасида аниқландики, А.Мелиев ушбу юкни Тошкентгача олиб келиб, кейинчалик сотиш учун Қўқон шаҳрига етказмоқчи бўлган.

Бундан ташқари, А.Мелиев Тошкент вилоятининг Бўка туманида наркотик моддалар яшириб қўйилган яширин жойи борлигини маълум қилган. Текшириш натижасида айтилган жойдан яна наркотик модда — 2,8 кг.дан ортиқ вазндаги қорадори топилган.

Шундай қилиб, МХХ ходимлари томонидан махсус операция мобайнида олинган наркотик моддаларнинг умумий ҳажми 6,3 кг.дан ошиқроқни ташкил этди.

Йиғилган материаллар асосида, МХХнинг Фарғона вилоят бўлими томонидан Авазжон Мелиевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246- ва 273-моддаларига кўра жиноий иш қўзғатилган.